Истилодан озод қилинган Херсон шаҳрида хоналаридан камералар сифатида фойдаланилган бинода вояга етмаганлар сақланган алоҳида хона топилди. Бу ҳақда Украина Олий радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец маълум қилди.
«Биз биринчи марта болаларнинг қийноққа солиниши ҳолатини қайд этдик, — деди омбудсмен. — У ерда сақланган одамлар гувоҳлик беришича, бу хонада украиналик болалар бўлган. Истилочиларнинг ўзлари уни ‘болалар хонаси’ деб атаган», — деди Лубинец.
Унинг сўзларига кўра, бу хона ҳам, худди бошқалари каби, зах бўлган, у ердаги болаларга эса кунора сув берилган, овқат эса деярли берилмаган. Болаларга нисбатан психологик босим қўлланилган. Хусусан, уларга, гўёки, ота-оналари улардан воз кечгани ҳақида айтишган.
«14 ёшли бир бола қулаб тушган Россия техникасини суратга туширгани учунгина қўлга олинган. У ҳибсда сақланиб, қийноқларга дучор қилинган», — деди Украина омбудсмени.
30 сентябрь куни Владимир Путин Россия таркибига тўртта янги ҳудудни, шу жумладан, Херсон вилоятини киритиш ҳақидаги шартномаларни имзолаганди. 11 ноябрь куни Россия Днепр ўнг қирғоғидан ўз қўшинларини олиб кетишни якунлади, ўшанда Херсон Украина кучлари назорати остига ўтди.
Изоҳ (0)