13 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан СССРдан қочиш учун 100 километр сузган океанолог, Саддам Ҳусайннинг қўлга олиниши ва Перуда 6 минг инсон ўлимига сабаб бўлган кўл оид фактлар ўрин олган.
СССРдан қочиш учун уч кун давомида океанда сузган океанолог
1974 йил 13 декабрь куни совет океанологи Станислав Курилов СССРдан қочиб кетганди. «Совет Иттифоқи» круиз лайнери бортида бўлган эркак 12 метр баландликдан сувга сакраб, Филиппин архипелаги оролларидан бирининг қирғоғига етиб боргунга қадар уч сутка Тинч океанида сузган. Курилов қандай қилиб 100 километр масофани егулик ва уйқусиз енгиб ўтгани ҳозирга қадар номаълумлигича қолмоқда.Бундан 48 йил олдин океанолог Станислав Курилов СССР тарихидаги энг экстремал қочишлардан бирини амалга оширган. У круиз лайнери бортидан океанга сакраб, Сиаргао оролига қадар Тинч океанида сузган ва сиёсий бошпана сўраган. Азалий орзуси охир-оқибат уни Канадага олиб борган.
На амалдор ва на махсус хизмат ходими бўлган Курилов норозилик туфайли умидсиз қадам ташлашга мажбур бўлган. У советларга қарши бўлмаган, шунингдек, сиёсатга ҳам қизиқмасди. Аммо у мамлакатга қайтмасликда гумонланиб, хорижга чиқарилмаганидан азият чекиб келган. Расмийларнинг бундай қарор қабул қилишига Куриловнинг қариндошлари орасида «ножўя хатти-ҳаракат» содир этганлар борлиги сабаб бўлган — унинг синглиси Ҳиндистон фуқаросига турмушга чиқиб Канадада яшарди.
Ленинград гидрометеорология институтини «Океанология» мутахассислиги бўйича тамомлаган Курилов СССР Фанлар акамдеияси Океанология институти маҳаллий филиалида ишлаган, шунингдек, Владивостокдаги Денгиз биологияси институтида сув остида шўнғишни ўргатиш бўйича инструктор сифатида ишлаган. Бироқ уни хориж ва илиқ океанлар қизиқтирган. Мамлакатдан чиқа олмаслик мақоми унинг ўз йўналишидаги карьерасига тўсқинлик қиларди.
Афтидан, у жуда мустаҳкам соғлиқ ва жисмоний ҳолатга эга бўлган — Курилов совет одамлари орасида оммалашмаган ёга билан шуғулланган. СССРни қонуний тарк этиш имкониятига эга бўлмаган Курилов қочиш режасини тузган. У жуда жасур ва ўта телба инсон сифатида ҳаракат қилган: совет кемасидан очиқ, шу билан бирга тунги океанга сакраб, номаълум йўналишда сузиш режасини тузган.
Саёҳат қиммат эди ва Совет Иттифоқининг бадавлат фуқаролари яхшигина саёҳатни қўлдан бой бермасликка уринган. Айримлар бутун саёҳат давомида каюталарини тарк этмаган — алкоголь ва егулик учун шерикларини юбориб турган. Курилов ҳам бошқалар эътиборига тушмаслик учун бундай маишатларда иштирок этиб турган, бироқ асосан океанни, юлдузларни кузатган, кемани ўрганган.
Лайнернинг йўналишини тахминий таҳлил қилган Курилов қуруқликка энг яқин нуқтани ўзи учун аниқлаб олган. 38 ёшли океанолог ўз кучидан шубҳаланмаган. У болалигидан моҳир сузувчи эди ва ёшлигида Иртишдан сузиб ўтганди.
«Ўша куни узоқ манзилларга сузувчи океанографик кемаларда ишлаш учун виза сўраб қилган мурожаатимни яна рад этишганди, сабрим тугаган эди. Одатда менга сабабини айтмасдан рад жавобини беришарди. Бу сафар шахсий ишимга қуйидагича ёзилганди: Жаноб Куриловнинг капиталистик давлатга боришини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламаймиз. Мени чаён чаққандек бўлди, ичимдаги ҳамма нарса портлаб кетди. Бу, албатта, умидсизлик эди! Озодликка эришиш учун митти бўлса-да умид йўқ бўлган умрбод маҳкумлик», — деб ёзади Курилов ўз ҳаёти ҳақида.
Куриловнинг сўзларига кўра, мазкур воқеадан кейин унда ҳеч қанақа қўрқув қолмаган. У ўз юрти олдида ватанпарварлик мажбуриятларини ортиқ ҳис қилмай қўйган.
Шундай қилиб, 1973 йил 13 декабрь тунида Курилов 12 метр баландликдан сувга сакраб, теплоход парракларига урилиб кетишига бир баҳя қолган. У ғаввосларнинг резина оёқ кийими, ниқоби ва трубкасини тақиб, ўз йўналиши бўйича сузишни бошлаган. Meduzaлар эркакни фақат бир марта чаққан, акулалар эса умуман қизиқиш билдирмаган.
Куриловнинг ҳисоб-китобларига кўра, у 18 километргина сузиши керак бўлган. Аммо навигациядаги хатолик сабаб босиб ўтилиши керак бўлган масофа беш карра ошиб кетган. У қарийб уч сутка сузиб, қирғоққа чиқиб олган — Филиппин ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан давлат чегарасини бузгани учун ушланган.
Курилов ярим йил Филиппинда қолиб, ҳукуматнинг ўз тақдири ҳақидаги қарорини кутган. Филиппин қамоқхоналаридан Канададаги синглисиникига кўчиб ўтган океанолог аввалига пиццахонада ишлаб пул топган. Кейинроқ унинг билим ва кўникмаларидан Гавайи оролидаги денгиз тадқиқотлари билан шуғулланувчи фирма хабар топган. Шимолий Америкада Курилов 10 йилдан ортиқ умрини ўтказган. Кейинроқ у Исроилга кўчиб ўтиб, Хайфа океанография институтида ишлай бошлаган. Курилов бу ерда Елена Генделевага уйланган.
1998 йил 29 январь куни 60 ёшли Курилов Табария кўлига шўнғиган вақтида сув остидаги балиқчилар тўрига илиб қолган. Баллонидаги бутун кислородни ишлатиб бўлганидан кейин, ҳаво етишмаслигидан вафот этган. Совет Иттифоқида Станислав Курилов ватан хоини сифатида айбланиб, сиртдан 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилганди.
Саддам Ҳусайннинг қўлга олиниши
2003 йил 13 декабрь куни Америка бостириб кирганидан кейин Ироқ раҳбарлигидан ағдарилган Саддам Ҳусайн қўлга олинган эди. CBS телекомпанияси сўровига кўра, америкаликларнинг 49 фоизи Саддамнинг ағдарилиши АҚШнинг ушбу давлатга бостириб киришини оқламайди деб ҳисоблаган. Шу билан бирга, 36 фоиз аҳоли Американинг аралашувини оқлаган бўлса, 14 фоиз респондент жавоб беришга қийналган.АҚШнинг Ироққа бостириб кириши оқибатида қарийб 5 минг америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан четлатилиши сунний ва шиалар, шунингдек, курдлар ўртасидаги қуролли тўқнашувларни юзага келтирган.
Вашингтондаги Жонс Ҳопкинс, Канададаги Симон Фрайзер ҳамда Ироқдаги Мустансирия университетларининг қўшма тадқиқотлари натижасида келтирилишича, 2003 йилдан 2011 йилга қадар Ироқда 461 минг киши ҳалок бўлган.
Америка билан ҳамкорлик қилган ироқлик собиқ таржимон Саддам Ҳусайннинг қўлга олиниши ҳақидаги батафсил маълумотларни айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, таржимон Ироқ собиқ диктаторини қўлга олиш бўйича операцияга тайёргарлик кўраётган АҚШ ҳарбийлари билан бирга бўлган. Улар билан ҳамкорлик бошланганидан саккиз ой ўтиб Саддам яширинган жой ҳақида махфий маълумот келиб тушган. «Бу жой Дажла дарёсидан бир неча метр нарида жойлашган ферма эди», — дейди таржимон.
Ҳусайн яширинган жой унинг қўриқчисини кузатиш натижасида топилган — у бозордан энг яхши товарларни харид қилгани шубҳа уйғотган. Аниқланган манзилган Америка махсус кучлари бўлинмаси юборилган, десантлар ташланган. «У ердан бир неча киши олиб чиқилди. Шундан кейин булар кимлигини сўрадим… Офицерим — бу президент Саддам Ҳусайн эканини айтди, уни қўлга олишга юборилган махсус кучлар бизни яқинлашишга ҳам қўймади», — дея эслайди таржимон. Собиқ президент вертолётда эвакуация қилинган.
Саддам Ҳусайн бўлган ферманинг бир километр майдонига ухлатувчи газ сепилган. Ироқнинг собиқ раҳбари яширинган жой узунлиги 4 метрни, эни эса 3,5 метрни ташкил этган, иккита кароват бўлган. Саддамнинг буюмлари орасида икки жуфт ортопедик пойабзал, қиммат уст-бош, атирлар ва шахсий буюмлар — президентнинг қўл соатлари, оиласининг бир нечта суратлари, бўш плёнкали диктофон, ўзининг аудиоёзувлари, шахсий револвер бўлган. Ҳусайннинг аксарият шахсий буюмлари ҳарбийлар томонидан ўғирланган — улар буни эсдалик учун оляпмиз, деган.
Собиқ таржимоннинг эслашича, операциядан кейин фермадаги апельсин дарахтлари, тўтиқушлар, қорамоллар, бошпанасиз итлар номаълум оқ модда кукуни билан қопланган, жумладан, ҳайвонларнинг барчаси ўлган. Кукун икки-уч кундан кейин тарқалиб кетган.
Саддам Ҳусайн 2006 йил 30 декабрь куни қатл этилган. Собиқ етакчининг адвокати Муҳаммад Муниб «У натижа олдиндан белгилангани, улар унинг бошини исташини ва ҳеч қандай эътироз қабул қилинмаслигини бошиданоқ биларди», деган эди.
Шу билан бирга, адвокатнинг сўзларига кўра, Ҳусайн Эронга ўзининг асосий душмани деб қарашда давом этган.
«У мард эди, шу маънодаки, биз унинг бирор нарсадан қўрқаётганини ҳеч қачон сезмаганмиз: на кўринишида, на сўзида, на суҳбатида, на берган саволларида. У юридик факультет битирувчиси сифатида сўзга чиқди ва суднинг қонуний эмаслигини билган ҳолда бу сохта жараённи фош этиш мақсадида айрим ҳуқуқий жиҳатларга ойдинлик киритди. Шу сабабдан у ҳеч кимга сир бўлмаган ғурур ва ҳурматни уйғотди. Ўйлайманки, унинг қатл этилиш лаҳзаси — буни ҳаммамиз телевизорда кўргандик — айтганларимни тасдиқлайди», — дея қўшимча қилганди Муниб.
Анддаги хавфли кўл
Палкарай ва Пукаранка тоғларининг ёнбағрида жойлашган Палкакоча кўли ҳақиқий «ҳаракатга келтирилган бомба» ҳисобланади. 1941 йил 13 декабрь куни бу ерда содир бўлган фожиа оқибатида 6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Кўлга тоғлардан бирининг бўлаги қулаб тушиши оқибатида улкан тўлқин ҳосил бўлган ва у бутун бошли Уараш шаҳрини яксон қилган. Ярим соат ичида маҳаллий туристик марказ бутунлай сув, лой ва муз аралашмаси остида қолганди.1970 йилларда бу ерга маҳаллий сувлар оқимини тўсиш учун тўғон қурилган. У деярли ўзгармаган, бироқ глобал исиш оқибатида музликлар эрий бошлаган ва кўлдаги сув ҳажми сезиларли даражада ошган. 2019 йил ҳолатига кўра, Палкакочадаги сув 1970 йилга нисбатан 34 баробарга кўпайган. Сув тўлқинидан жабр кўрган Уарас шаҳрининг аҳолиси эса ҳозирда 120 минг кишидан ошган.Юз берган фожиага қарамай, кўлда ҳозирга қадар потенциал хавфдан огоҳлантирувчи марказлашган огоҳлантириш тизими мавжуд эмас. Бу вазифани кун-у тун кичик қоровулхонада соқчилик қиладиган инсонлар бажаради. Уларнинг вазифаси тоғларнинг ҳолатини кузатиш ва нимадир содир бўлса шаҳарни хавфдан рация орқали огоҳлантиришдан иборат.
Соқчиларнинг сўзларига кўра, баъзида катта-катта қор бўлаклари кўлга тушиб туради, бироқ улар 1941 йилдаги каби талафот етказишга қодир эмас. Асосий муаммо шундаки, фавқулодда ҳолатда соқчилар «тревога» сигналини бериб, бироқ ўзлари омон қолишга улгурмаслиги мумкин. Кундан кунга кўлга қўлаётган тошлар сонининг ортиб бориши вазиятни янада ёмонлаштирмоқда.
Перудаги ўртача ҳарорат охирги 200 йил ичида тахминан Цельсий бўйича 2 даражага кўтарилган, натижада маҳаллий музликлар ўз оғирлигининг 90 фоизини йўқотган. Музликларнинг эриши кўлдаги сув ҳажмининг 15 миллиард литрга ортишига олиб келган — бу каттароқ музнинг қулаши оқибатида тўғоннинг исталган вақтда бузилишига олиб келиши мумкин.
Уараса аҳолиси кўлнинг ҳолати бўйича мунтазам шикоят қилиб келади. Огоҳлантирувчи тизимларнинг ўрнатилиш жараёни узоқ йилларга чўзилиб кетган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу бюрократик жараёнлар билан боғлиқ. Перуда институтлардан бирининг директори Хорхе Речартенинг таъкидлашича, олдиндан огоҳлантириш тизимини ўрнатиш учун маълум миқдорда маблағ керак бўлади.
1941 йилда сув тошқини содир бўлган ҳудуд ҳозирга қадар потенциал хавфли ҳисобланади. 1950 йиллар охирига қадар у ерда корхоналар ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни қуриш тақиқланган. Бугунги кунда мазкур ҳудудда шаҳарнинг асосий боғлари жойлашган.
Кексаларнинг эслашича, тўғонга Палкакочадаги сув сатҳини камайтиришга хизмат қиладиган улкан трубалар ўрнатилган бўлган, бироқ улар ўз вазифасини бажара олмаган. Замонавий технологиялардан фойдаланиш вазиятни бутунлай ўзгартириши ва Уараса аҳолисининг хавфсизлигига ёрдам бериши мумкин.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)