Малина витаминлар ва антиоксидантларга бой резавор мева. У организмнинг турли тизимларига шифобахш таъсир кўрсатади ва бир қатор касалликларнинг олдини олишда ёрдам беради. Қуйида унинг илмий асосланган фойдали хусусиятларини санаб ўтамиз.
-aTtjНЬЮW.avif)
- Иммунитетни мустаҳкамловчи табиий восита
Малина таркибида C витамини кўп бўлиб, бу организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашиш қобилиятини кучайтиради. Аскорбин кислотаси лейкоцитлар — инфекцияларга қарши курашувчи оқ қон ҳужайраларининг кўпайишини рағбатлантиради. Совуқ кунларда у иммунитетни фаоллаштиради, ёзги мавсумда эса табиий ҳимоя тизимини барқарор ҳолатда сақлаб туради.
- Юрак ва қон томирлар саломатлиги учун
Малина калийга бой бўлиб, юрак мушакларининг тўғри ишлашини таъминлайди ва қон босимини меъёрга келтиради. Шунингдек, унинг таркибида флавоноидлар ҳам бўлиб, улар қон томирларининг эластиклигини оширади ва қон айланишини яхшилайди. Малинадаги салицилатлар эса аспириннинг фаол моддасига ўхшаш табиий бирикмаларни ўз ичига олади. Улар яллиғланишга қарши курашади ҳамда қон қуюқлашишининг олдини олиб, тромб ҳосил бўлиш хавфини камайтиради.
- Қандли диабетнинг олдини олиш
Малина таркибида кўплаб ўсимлик толалари ва полифеноллар мавжуд, улар глюкозанинг қонга секин сўрилишига ёрдам беради ва шакар даражасини барқарор ҳолатда сақлайди. Шу сабабли у 2-турдаги қандли диабетнинг профилактикаси учун фойдали ҳисобланади. Меъёрда истеъмол қилинса, малина ҳатто гликемик индексни доим ҳисоблаб юрувчи ва диабет билан яшовчи одамларга ҳам тавсия этилиши мумкин.

- Тери, соч ва тирноқлар саломатлиги
Малинадаги C витамини ва кучли антиоксидантлар коллаген ишлаб чиқарилишини фаоллаштиради. Коллаген эса ўз навбатида терининг майинлиги, соч ва тирноқларнинг мустаҳкамлиги учун жавоб берадиган оқсил. Малина ёрдамида ажинлар секинроқ пайдо бўлади, қуёш нурлари таъсиридаги кексайиш — фотоқариш жараёни секинлашади.
- Мия фаолияти ва хотирани мустаҳкамлаш
Малинадаги флавоноидлар мия ҳужайраларини эркин радикаллардан ҳимоя қилади ва асаб ҳужайраларининг соғлом ишлашига ёрдам беради. Тадқиқотларга кўра, малинани мунтазам истеъмол қилиш деменция (хотира ва ақлий заифлик) хавфини камайтиради.
- Бўғимларни ҳимоя қилиш
Малинадаги антиоксидантлар ва табиий яллиғланишга қарши моддалар бўғимлардаги оғриқ ва шиш аломатларини камайтириши мумкин. Айниқса, остеоартрит каби сурункали касалликларда ушбу резавор анча фойдали ҳисобланади.
- Саратон касаллигидан ҳимоя
-eKKMXcFt.avif)
Жониворлар устида ўтказилган илмий тадқиқотлар малина экстракти саратон ҳужайраларининг ўсишига тўсқинлик қилиши мумкинлигини кўрсатган. Олимлар бу таъсирни малинада мавжуд бўлган фенол бирикмалар ва антиоксидантларнинг ҳужайра мутациялари ва яллиғланиш жараёнларига қарши курашувчи хусусияти билан боғлайди.
Қарши кўрсатмалар
Фойдали бўлишига қарамай, малинани ҳам меъёрида истеъмол қилиш керак. Шифокорлар кунига 150–200 граммгача малинани ейишни тавсия этади. Салицилатга сезгир, аллергияси бор шахслар, шунингдек болаларда эҳтиёткорлик зарур.
Изоҳ (0)