Футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон Чемпионати ярим финалидан ўрин олган Аргентина ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳакамлари маълум қилинди.
Дастлабки ярим финал ўйинини Даниэле Орсато бошчилигидаги италиялик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Унга қанотларда Чиро Карбоне ва Алессандро Жаллатини ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам — Муҳаммад Абдулла (БАА).
VAR тизимида ҳам Италия вакиллари ишлайди: Массимилиано Иррати ва Паоло Валери.
Орсато бунга қадар ушбу мусобақа доирасидаги иккита ўйинда ишлади: Қатар — Эквадор (0:2) ва Аргентина — Мексика (2:0).
Эслатиб ўтамиз, Аргентина ва Хорватия терма жамоалари бундан аввал ЖЧ—2018 гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келган. Хорватларнинг йирик ғалабаси билан тугаган ўйинни (3:0) ўзбекистонлик Равшан Эрматов бошқариб борганди.
Аргентина — Хорватия учрашуви Ўзбекистон вақти билан 13 декабрдан 14 декабрга ўтар кечаси 00:00 да бошланади.