2023 йилда Ўзбекистон ички валюта бозорида долларга бўлган талаб юқори даражада шаклланди. Бу ҳақда Марказий банк раиси муовини Беҳзод Ҳамраев Сенатдаги чиқишида маълум қилди.
Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, ўтган йили юқори иқтисодий фаоллик фонида чет эл валютасига бўлган талабнинг таклиф ҳажмидан сезиларли даражада ортиши кузатилди.
“Ўтган йили ички валюта бозорида 2022 йилдагига нисбатан 1,2 баробар кўп — 33,4 миллиард АҚШ доллари сотилди. Валютага бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут 2023 йилда сотиб олинган 6,6 миллиард АҚШ доллари эквивалентидаги монетар олтин ҳамда нейтраллик тамойиллари доирасида ўтган йилларда амалга оширилмаган интервенсиялар ҳисобидан қопланди”, —деди Марказий банк расмийси.
Қўшимча қилинишича, 2023 йил якунлари бўйича мамлакатда йиллик инфляция 8,8 фоиз даражасида шаклланган. Бу кўрсаткич 2022 йилдагига нисбатан 3,5 фоиз паст ҳисобланади. Шу билан бирга, ўтган йили сўм алмашув курсининг қадрсизланиши 9,8 фоизни ташкил этган.
Изоҳ (0)