11 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Лотин Америкаси тарихидаги энг қонли қирғин, Москвада футбол ишқибозининг ўлдириши сабаб юзага келган оммавий тартибсизлик ва Токиога учаётган самолётда уюштирилган теракт оид фактлар ўрин олган.
Лотин Америкаси тарихидаги энг қонли қирғин
1981 йил 11 декабрь куни Салвадор армияси ҳарбий хизматчилари Эл-Мосоте қишлоғининг 1,2 мингга яқин аҳолисини, жумладан, аёллар ва ёш болаларни ўлдириб, уни ер юзидан ўчириб ташлаган эди. Бу тарихдан замонавий Лотин Америкаси тарихидаги энг йирик оммавий қотиллик ҳисобланиб, 13 йил давом этган Салвадордаги фуқаролик урушининг энг қонли эпизодига айланган.
1979 йили Салвадорда фуқаролик уруши авжига чиққан бўлиб, мамлакатда кетма-кет давлат тўнтаришлари ва сиёсий зўравонлик давом этарди. Урушнинг бошланишига зўравонликка қарши курашишга уринган халқ орасида машҳур архиепископ Оскар Ромеронинг ўлдирилиши сабаб бўлган. Қатор сиёсий арбоблар ўлдирилгач, бутун мухолифат «Фарабундо Марти номидаги миллий озодлик фронти»га бирлашган,
Унинг таркибидан нафақат коммунистлар, балки социал-демократлар, сўл қанот католиклари ва ҳатто троскийлар ҳам ўрин олган. Уларга Америка президенти Роналд Рейган томонидан қўллаб-қувватланувчи ўнг давлат тузилмалари қаршилик кўрсатган.
Можаронинг дастлабки ойларида устунлик сўл исёнчилари томонида бўлган. Бироқ вазият америкаликлар ёрдам кўламини — пул ва қуролларни, шунингдек, ҳарбий маслаҳатчилар хизматини оширганидан кейин ўзгарган. АҚШ томонидан Салвадор ҳарбий хизматчиларидан иборат махсус элита батальонининг тузилиши урушда муҳим бурилиш ясаган.
«Атлакатл» жангчилари Америка махсус хизматларининг дастури бўйича тайёргарликдан ўтган, улар айнан партизанлик ҳаракатларига қарши кўникмаларини оширган. Батальон америкаликлардан махсус кийимлар ва қуролларни олиб, 1981 йил кузида Салвадорда ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган.
Эл-Мосоте ёки шунчаки Мосоте қишлоғида 300 киши истиқомат қиладиган кичик аҳоли пункти эди. Қишлоқ сўлчилар тарафида эмасди, у ерда асосан протестантлар яшаган, бу вақтда исёнчилар ўзлари томонга асосан католик қишлоқларидан одамларни оғдириб олиш билан шуғулланган. Баъзида Мосоте аҳолиси исёнчиларга озиқ-овқат сотган, бироқ уларга ўз қишлоқдошларини оғдириб олишга имконият бермаган.
Декабрь бошларида маҳаллий аҳолидан бири тез орада ҳудудда ҳукумат қўшинлари томонидан партизанларга қарши операциялар ўтказилишидан хабар топган. Мосоте нейтрал ва протестантлар қишлоғи бўлгани боис маҳаллий аҳоли армиянинг келишидан хавотирга тушмаган ва уни тарк этмасликка қарор қилган. Бундан ташқари, Мосотега армияда хизмат қилган қўшни қишлоқларнинг бир неча юз қочоқлари кўчиб келганди.
10 декабрь куни қишлоққа «Атлакатл» батальони бостириб кирган. Барча аҳоли марказий майдонга тўпланган, тинтув қилинган, исёнчиларга ёрдам бермасликлари учун таҳдид қилишган ва қоронғу тушиши билан кўчага чиқмасликни тайинлаб, уйларига қайтишга рухсат берилган.
Эртаси куни батальон аскарлари қишлоқ аҳолисини ажратишни бошлаган. Эркаклар битта уйга, аёллар бошқасига, ёш болалар эса алоҳида уйга қамалган. Шундан кейин дастлаб эркаклар, кеин аёллар, охирида болалар отиб ташланган (уларнинг айримлари бўғизланган). Шу билан бирга, аскарлар қишоқдаги барча қорамолларни отиб ташлаб, у ерда бирорта тирик жонни қолдирмаган. Мурдалар устидан бензин сепилиб, ёқиб юборилган.
Эртаси куни «Атлакатл» қишлоқни тарк этган ва ўз ҳаракатларини қўшни икки қишлоқда такрорлаган. Қирғиндан бир неча ой ўтиб аскарлар ҳодиса жойига қайтиб ёриткичлар мақсадида ишлатиш учун инсонларнинг бош чаноқларини теришга тушган. Бу омад келтиради деб ҳисобланган.
Аскарлар келишидан бир кун олдин қочиб кетишга муваффақ бўлган қишлоқ аҳолиси омон қолган. Қирғин ҳақида айнан улар сўзлаб берган. 1982 йил январь охирида New York Times журналисти Реймонд Боннер қирғин жойига бориб, мақола ёзган ва унда ҳукумат қўшинларини тахминан 800 нафар тинч аҳолининг ўлдирилишида айблаган.
Ушбу мақола Рейганнинг имижига путур етказган, шу сабабли журналист ёлғон маълумотларни тарқатишда айбланган. Бундан ташқари, журналист коммунистларга мойилликда гумонланган, охир-оқибат газета таҳририяти уни суриштирув бўлимидан молиявий бўлимга ўтказишга мажбур бўлган. Кейинроқ Боннер Мосотедаги қирғин ҳақида бир нечта китоб ёзган.
Орадан 10 йил ўтгач, 1992 йилда Салвадорда фаолият юритган БМТнинг душман тарафларни яраштириш комиссияси Эл-Мосотедаги ўлдирилганлар кўмилган оммавий қабрни топган. Бироқ терговга тинчлик шартларига кўра, фуқаролик уруши қатнашчилари афв этилиши ва улар жавобгарликка тортилмаслиги факти халақит берган. 2011 йилда Салвадорнинг янги ҳукумати армия кучларининг фуқаролик урушидаги ҳаракатлари учун расман кечирим сўраган.
2012 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро суд тинч аҳолига қарши жиноятни тергов қилиб, армия тузилмаларидаги масъулларни жавобгарликка тортган. Шунингдек, жабрланганларнинг қариндошларига жами 18 миллион доллар компенсация тўлаш бўйича қарор чиқарган.
Футбол ишқибози сабаб Москвада юз берган оммавий тартибсизлик
2010 йил 11 декабрь куни Москва марказидаги Манеж майдонида энг қақшаткич қаршиликка учраган оммавий норозиликлар намойиши бўлиб ўтганди. Намойишлар «Спартак» мухлислари орасида машҳур бўлган зеленоградлик футбол ишқибози Егор Свиридовнинг ўлдириши ортидан келиб чиққан.
Манеждаги тартибсизликлар тарихи 6 декабрь кечаси Москвадаги Кронштадт булварида рўй берган жанжалдан бошланган, унда футбол ишқибози Егор Свиридов ҳалок бўлган. Унинг ўлимидан кейин бир-бирига зид маълумотлар тарқай бошлаган — айнан нима содир бўлгани, жанжал иштирокчилари шахси ҳақида фактлар йўқ эди.
Судда кўрсатма берганларнинг айтишича, Свиридов ва Черкесов (ўқ узган инсон) компаниялари ўртасидаги можаро Ёввойи Ғарбни ёдга солган. Егорнинг ўлимидан икки кун олдин Аслан Черкесов танишлари билан «Пиво нуқтаси»да ўтирган. Ҳамма уй-уйига тақалишга тайёргарлик кўраётган вақтда йигитлардан бири номаълум эркак билан жанжаллашиб қолган, шундан кейин дўстлар уни калтаклашга тушган. Атрофдагилар вазиятга аралашишга уринганида, улардан бирининг бурни синган, Аслан травматик қуролдан полга ўқ узиб, жанжални тўхтатган. Воқеа гувоҳларидан ҳеч ким милиция чақирмаган.
Эртаси куни Черкесов танишлари билан яна ўша пивохонада ёпилгунга қадар ўтирган. Улар пиво ичиб, лезгинкага рақсга тушган. Егор ўша кечани «Князлар саройи» ресторанида ўтказган. Эртаси куни Свиридов «Спартак»нинг навбатдаги учрашуви учун Европага учиб кетиши керак бўлган.
Мудҳиш кунда Егорнинг ёнида Сергей Гаспарян, Дмитрий Корнаков, Дмитрий Петроченко, Дмитрий Филатов ва уларнинг дугонаси Надежда Минчинская бўлган. Черкесовнинг шериклари — Хасан Ибрагимов, Артур Арсибиев, Акай Акаев, Нариман Исмаилов ва Рамазан Утарбиев.
Сергей Гаспаряннинг суддаги кўрсатмасига кўра, у «Жигули»ни тўхтатган, бироқ ҳайдовчи билан келиша олмаган. Машина йўлини давом эттирган бир пайтда Сергей Исмаилов Петрочеконинг олдига келиб, ундан нимадир сўрагани, кейин юзига мушт туширганини кўрган.
Кўп ўтмай барча жанжалга аралашиб кетган. Аслан ўзининг травматик пистолетидан ўқ уза бошлаган — 12 та ўқнинг бири Гаспарянга теккан, йигит бошини қўли билан беркитишга улгуриб қолган холос. Черкесов Свиридовга эса икки марта ўқ узган, биринчиси — яқин масофадан қорнига, иккинчиси — бошига. Ўқ унинг бошини тешиб ўтиб, йигитнинг ўлимига сабаб бўлган.
Шу кеча жанжал жойига барча милиция кучлари жалб этилган. «Воқеа жойига 1,5 дақиқадан кейин етиб борганимизда, ерда бир инсон ётгани, унинг атрофидагилар эса қонга беланган ҳолда турганига гувоҳ бўлдик», — дея эслайди милиция ходими Сергей Геоганов.
Аслан Черкесовнинг тўдаси иккига бўлиниб қочиб кетган, бироқ тез орада уларнинг олти нафари ҳам топилган. Черкесов, Утарбиев ва Ибрагимов яширинишга уринган, қолганлар эса ҳеч қанақа жанжални эшитмагани, машғулотдан келишаётганини билдирган. Шунга қарамай, олти нафар гумонланувчи милиция идорасига олиб борилган.
Манбаларга кўра, ҳуқуқ-тартибор органи бўлинмасига футбол ишқибозлари ва диаспора вакиллари оқиб келишни бошлаган. Уларнинг айримларининг қўлида куч тузилмалари ходимлари эканини билдирувчи гувоҳномалар бўлган. Кўп ўтмай милиция идорасини нафақат Черкесовнинг беш нафар шериги, балки унинг ўзи ҳам тарк этган.
Гумонланувчиларнинг озод этилишича ўзини муҳим жамоатчилик фаоли ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси дея таништирган ёш доғистонлик ёрдам берган. Кейинроқ у орқали Черкесов яна ортга қайтарилган. Егорнинг ўзини айбдор қилишмоқчи бўлишган, бироқ бу иш бермаган. «Вазият жуда аянчли эди: милиция ходимлари кўчада туриб доғистонликлар қаршисида ўзларини оқлашга уринарди, улардан қўрқарди», — дея эслай воқеа гувоҳларидан бири.
Егор Свиридовнинг ўлимидан кейин энг кескин позицияни «Спартак» жамоасининг «Фратрия» бирлашмаси эгаллаган. Ушбу бирлашма аъзолари Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастиркинга мурожаат қилиб, вазиятни ўз назоратига олишни сўраган.
Содир бўлган воқеа тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, 7 декабрга келиб Головин прокуратураси қаршисида юзлаб норози ёшлар тўпланган. Миллатчилик шиорлари янграй бошлаган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари футбол ишқибозларига эътибор қаратмаган ва шунда улар Ленинград шоссесини тўсиб қўйган.
Кескинликни камайтириш учун, Москва ИИВ раҳбарияти қўйиб юборилган гумоналнувчилар қайта олиб келиниб, қўшимча тергов ўтказилишини маълум қилган. Норозилик тўлқинлари ортишни давом этган. 10 декабрь куни ўтказилган Свиридовнинг дафн маросимига мингга яқин одам тўпланган.
Ибрагимов ва Исмаилов ҳам ўшанда қўлга олинган, Арсибаев эса эртаси куни ушланган. Айнан шу сана Манеждаги кенг кўламли тартибсизликлар бошланиши сифатида тарихга кирган.
Егор Свиридов ўлдирилган жойга тўпланиш бўйича чақириқларга бу сафар юзлаб эмас, балки минглаб москваликлар жавоб қайтарган. Турли футбол клубларининг шарфларини ўраб олган инсонлар орасида байкерлар, шунингдек, сиёсий партиялар вакиллари ҳам бор эди. Кўплаб ОАВларнинг маълум қилишича, тўқнашув «Макдоналдс»дан чиққан ўсмирларга ҳужумдан бошланган. Футбол ишқибозларига уларнинг қорачадан келган юзлари ёқмаган. Жанжалга «ОМОН» ҳам келиб қўшилган.
Тез орада «ОМОН»га чекиниш буюрилган, бироқ ортга қайтишга махсус кучларнинг сафи бузилиб кетган ва улар гуруҳларга ажралиб қолган. Милиция ходимлари томон нафақат урганлар, балки резина ўқлар ҳам учиб кела бошлаган.
Оммавий жанжалларни тўхтатиш учун катта штаб тузилган, унга бутун бошли мактаб биноси ажратилган. Бино деворларига Манеждаги тўқнашувда олинган суратлар илиб ташланган. Ўрганишлар натижасида оммавий тўқнашувларнинг асосий ташкилотчиси сифатида 14 ёшли Иля Курбаков эълон қилинган. Йигитча ростдан ҳам мегафон билан майдонда юриб, барчани норозиликка чақирган, шу билан бирга, у жиноят қилаётганини тушунмаган.
Манжед майдонида 11 декабрда содир бўлган воқеалар расман оммавий тартибсизлик дея тан олинмаган. Аммо унинг фаол иштирокчиларига нисбатан 20 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилган. Егор Свиридовнинг ўлдирилиши иши бўйича Аслан Черкесовнинг шериклари беш йилдан озодликдан маҳрум этилган. Черкесовнинг ўзи 20 йилга қамалган.
Денгиз устида портлаш
1994 йил 11 ноябрь куни Philippine Airlines авиакомпаниясига тегишли Маниладан Себу шаҳрига учишга тайёрланаётган Boeing 747 самолёти бортига Италия фуқароси Армадо Форлани кўтарилган. Кейинроқ унинг паспорти сохта бўлгани маълум бўлади. Самолёт деярли бўш учган — 26 нафар йўловчи ва 20 нафар экипаж аъзоси бўлган. Бу рейснинг биринчи қисми бўлиб, лайнер Себудан режа бўйича Токиога йўл олиши керак эди.
Италия фуқароси ниқоби остида фаластинлик терорчи Рамзи Юсуф яширинган эди. Мазкур парвоздан бир йил олдин у Нью-Йоркдаги Халқаро савдо марказида бомба портлатган — 6 киши ҳалок бўлган ва 1042 киши жароҳат олганди. Парвоз бошлангач, Армандо Форлани ўзининг совунлар идиши билан ҳожатхонага йўл олган. У ерда суюқ кўринишдаги бомбасини йиғган. Аралашма контакт линзалар учун мўлжалланган суюқлик идишида бўлгани боис аэропорт хавфсизлиги назоратидан ўтишда ҳеч қандай муаммо юзага келмаган. Бомба учун таймер вазифасини эса қўл соатлари ўтаган. Детонатор пойабзалнинг чап пойи пошнаси ичига яширилган эди.
Ҳожатхонадан қайтган террорчи бомбани ўриндиқ остидаги қутқарув нимчаси ҳамёнига жойлаштирган — бу ўнг қатордаги 26К ўрин бўлиб, ёнилғи баки яқинида жойлашганди. Бироқ салон конфигурациясига ўзгартириш киритилгани боис бу жой ёнилғи баки марказидан икки қатор олдинга силжитилган. Рамзи таймерни бомба 4 соатдан кейин портлайдиган қилиб қўйган. Унинг ҳисоб-китоблари бўйича бу вақтда самолёт Токио томон иккинчи рейсини амалга ошираётган бўлиши керак эди.
Себуда террорчи ва қолган йўловчилар самолётдан тушиб қолган. Уларнинг ўрнига 256 киши Токиога қадар учиш учун бортга кўтарилган. 26К ўрнини 24 ёшли япониялик бизнесмен Харуки Икегами эгаллаган. Лайнер 40 дақиқалик кечикиш билан Токиога парвозини бошлаган.
Орадан 4 соат ўтгач, самолёт Япониянинг Минамидайто ороли устидан учиб ўтаётганига ўриндиқ остидаги бомба портлаган. Портлаш салонда 0,2 метр квадратли тешик ҳосил қилган, ўриндиқни парчалаб юборган ва салон шифтидаги бир нечта бошқарув кабелларини узиб ташлаган. Харуки Икегами портлашнинг бутун зарбини ўзига қабул қилгани сабабли, ўзи билмаган ҳолда самолёт герметизацияси бузилишидан сақлаб қолган. Унинг танасини пастки қисми полдаги тешикка тиқилганди. Йигит ундан чиқариб олинган, бироқ икки дақиқа ўтмасдан у вафот этган. Шунингдек, портлаш яқинида ўтирган 10 киши жароҳат олганди.
Портлашдан кейин ҳаво кемаси ўнгга оға бошлаган, бироқ учувчи тезда уни ўнглаб олган. Boeing’нинг кабелларига етган шикаст сабаб элеронлар ишламаган. Дросселлар ёрдамида тезлик пасайтирилган ва ёнилғи тўкилган, экипаж Окинава оролидаги Наха аэропортида муваффақиятли қўнишга эришган. Теракт оқибатида биргина инсон ҳалок бўлган.
Рамзи Юсуф 1995 йил 7 февраль куни Покистонда Американинг 11 та самолётига қарши теракт уюштиришга тайёргарлик кўраётганида қўлга олинган. Натижада у 240 йилга озодликдан маҳрум этилган. Филиппинга тегишли Boeing таъмирланиб, ундан фойдаланиш давом эттирилган. Икки йилдан кейин у йўловчи ташишдан юк ташишга ўтган, 2008 йилга қадар турли компаниялар хизматида бўлган. 2018 йилда эса самолёт металломга топширилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)