Ҳомиладорлик даврида тўғри овқатланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Боланинг тўлиқ ривожланишини таъминлаш ва соғлиғини сақлаш учун ҳомиладор она зарур бўлган барча маҳсулотларни рационга киритиши керак, деб ёзади «Новий очаг».
Ҳомиладор аёлнинг овқатланиши тўлиқ, витамин, минерал ва барча керакли микроэлементлар билан бойитилган бўлиши керак. Бунинг ёрдамида вужудда ўсаётган бола керакли озуқа билан таъминланади ва онанинг ҳомиладорлиги меъёрда давом этади, етарли миқдорда сут ишлаб чиқариш имконияти ортади. Ҳар куни кўп миқдорда мева, сабзавот, дон, оқсил ва кам ёғли сут маҳсулотларини истеъмол қилиш муҳимдир. Шакар, тўйинган ёғлар ва натрийга бой озиқ-овқат ва ичимликлардан эса чекланиш керак.
Тухум
Тухум оқсилнинг ажойиб манбаи ва ҳомиладорлик даврида рационнинг муҳим қисмидир. Оқсилни ташкил этувчи аминокислоталар организм ва бола танасидаги ҳужайраларнинг асоси ҳисобланади.
Тухум таркибида ўндан ортиқ витамин ва минераллар, жумладан, холин мавжуд. Холин баъзида B4 витамини деб аталадиган модда, асосан тухум сариғида мавжуд бўлиб, чақалоқнинг мияси ва орқа миясининг тўғри ривожланишига, марказий асаб тизимидаги айрим туғма нуқсонларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Лосос балиғи
Лосос таркибидаги омега-3 ёғ кислоталари чақалоқнинг мияси, юраги ва қон томирлари ривожланиши учун жуда муҳимдир. Лосос, шунингдек, соғлом суяк ва тишлар учун зарур бўлган оқсил ва Д витаминини ўз ичига олади. Маҳсулотнинг бир қисми бўлган фолий кислотаси ҳомиладорликнинг биринчи триместрида буюрилади. Бундан ташқари, лосос анемиянинг олдини олади.
Балиқ таркибидаги микроэлементлар руҳий тушкунлик эҳтимолини камайтиради ва кайфиятни яхшилайди, совуқ мавсумда эса иммунитетни мустаҳкамлайди.
Дуккаклилар
Нўхат, маккажўхори, ловия, ясмиқ оқсил, темир, калий ва магнийнинг ажойиб манбаи, шунинг учун ҳомиладорлик пайтида уларни истеъмол қилиш жуда муҳимдир.
Дуккаклилар кўп миқдорда фолий кислотасини ўз ичига олади, бу айниқса ҳомиладорликнинг биринчи триместрида ҳомилада асаб найчалари нуқсонларининг олдини олиш учун жуда муҳимдир. Ловия клетчатканинг ажойиб манбаи бўлиб, ич қотиши ва геморройни даволашда ёрдам беради.
Картошка
Картошка ўзининг тўқ сариқ рангини А витаминига айланадиган каротиноид, ўсимлик пигментларидан олади. Бу витамин чақалоққа суяк, ўпка, кўз ва терининг ривожланиши учун керак. Бу сабзавот C витамини ва марганец, калий ва клетчатканинг манбаидир. B6 витамини эса эрталабки кўнгил айнишда ёрдам беради.
Ёнғоқ
Ёнғоқ ўсимлик кислоталарининг энг бой манбаларидан бири — омега-3. У ҳомиладорлик пайтида зарур бўлган магний, клетчатка ва оқсилни ўз ичига олади.
Йогурт
Йогуртда кўп миқдорда оқсил мавжуд. Бундан ташқари, у пробиётик, B гуруҳи витаминлари, фосфор ва кальцийнинг ажойиб манбаи ҳисобланади. Кальций суякларни мустаҳкамлашга ва болада соғлом скелетнинг ривожланишига ёрдам беради.
Брокколи ва кўкатлар
Брокколи ва исмалоқ витамин ҳамда озуқа моддалари, жумладан А, C ва К витаминлари, шунингдек кальций, темир ва фолий кислотаси билан бойитилган энг яхши маҳсулотлардир. Шунингдек, улар антиоксидант ва клаэтчаткага бой, улар ич қотишини енгиллаштиради.
Ёғсиз ва парранда гўшти
Гўшт юқори сифатли оқсил ва Б витаминлари, темир ҳамда рухнинг манбаидир. Темир тана ҳужайраларига кислород етказиб беради ва ҳомиладорлик пайтида бу бола учун ҳам кўпроқ керак.
Мева ва сабзавотлар
Яшил, қизил, тўқ сариқ ва бинафша рангдаги мева ва сабзавотлар бир қанча озуқа моддаларига бой. Масалан, булғор қалампири C витаминига бой бўлиб, у темирнинг сўрилишига ёрдам беради, резаворлар эса антиоксидантларни ўз ичига олади. Сариқ мева ва сабзавотлар таркибида биофлавоноид деб аталадиган фитокимёвий моддалар мавжуд бўлиб, баъзан витамин П деб аталади. Бу элемент C витаминининг сўрилишига ёрдам беради. Апельсин ва қизил рангли меваларда каротеноидлар мавжуд. Яшил сабзавот ва мевалар А, C, К витаминлари, антиоксидант ва фолий кислотасининг манбалари ҳисобланади.
Авокадо
Авокадоларда кўп миқдорда тўйинмаган ёғли кислоталар мавжуд бўлиб, улар чақалоқнинг териси ва миясини мустаҳкамлашга ёрдам беради. К витамини, антиоксидантлар ва фолий кислотасига бой бўлиб, баъзи туғма нуқсонларнинг олдини олишга ёрдам беради. Авокадолар таркибидаги клетчаткалар туфайли томир тортишиши, ич қотиши ва B6 витамини туфайли эрталабки кўнгил айнишининг олдини олишга ёрдам беради.
Қуритилган мевалар
Озиқ моддалар билан бойитилган қуритилган мевалар ҳомиладорлар ратционида жуда муҳим бўлган янги меваларга яхши альтернатив ҳисобланади. Қуритилган мевалар туфайли турли хил витамин ва минераллар, масалан, темир, шунингдек, антиоксидант ва клетчаткаларни қабул қилиш мумкин. Олхўри кўплаб ҳомиладор аёлларда учраши мумкин бўлган ич қотишида тасдиқланган воситадир. Қуритилган ўриклар ошқозон-ичак тракти ва юрак-қон томир тизимининг ишини яхшилайди, кўриш ва қон айланиши учун фойдалидир.
Ҳомиладорлик пайтида соғлом овқатланиш бўйича маслаҳатлар
- Ҳомиладорлик пайтида кўп миқдорда оқсил ва соғлом ёғлар, шунингдек, фолий кислотаси, темир ва кальций каби кўпроқ витамин ҳамда минераллар керак.
- Ҳомиладорлик пайтида тўғри овқатланиш кўп овқатланишни англатмайди.
- Иккинчи триместрда кунига тахминан 340 калория ва учинчи триместрда кунига тахминан 450 қўшимча калория керак бўлади.
- Ҳомиладорликнинг биринчи ойлари одатда аччиқ ва шўр овқатлар нисбатан кучли истаклар пайдо бўлади. Ҳомиладорлик пайтида аччиқ ва ҳаддан ташқари шўр овқатлардан бутунлай воз кечиш мақсадга мувофиқдир. Тузли ва қалампирли овқатлар жиғилдон қайнашига ва организмда суюқлик тўпланишига олиб келиши мумкин.
- Ҳомиладорлик пайтида баъзи овқатлар хавфли бўлиши мумкин. Спиртли ичимликлардан воз кечиш, кофеин, газланган ичимликлар, дудланган гўштни чеклаш керак.
- Озиқланиш эҳтиёжларни қондиришга ёрдам берадиган газакларни танлаш ва қайта ишланган маҳсулотлар ва десертларни камайтириш керак.
- Агар кўнгил айниши, қайт қиллиш ёки овқат ҳазм қилиш бузилиши тўғри овқатланишга халақит бераётган бўлса, кун давомида оз-оздан тез-тез овқатланишга ҳаракат қилиш лозим.
- Ҳомиладор аёлнинг организми овқатланишдаги ҳар қандай ўзгаришларга жуда сезгир. Агар аёл қуюқ овқат истеъмол қилса, унинг ич қотиши, гастрит ва бошқа ошқозон-ичак касалликлари хавфи сезиларли даражада ошади. Овқат ҳазм қилиш тизимини соат каби ишлаши учун мунтазам равишда суюқ овқатлар истеъмол қилиш ва кўп суюқлик ичиш тавсия этилади.
Изоҳ (0)