Россия ҳукумати Европа Иттифоқи (ЕИ) давлатлари томонидан келишилган мамлакатдан нефть етказиб бериш нархининг максимал чегарасини таҳлил қилмоқда, бироқ уни қабул қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Биз вазиятни таҳлил қиляпмиз. Бундай нарх чегараси учун баъзи тайёргарлик ишлари олиб борилди. Биз бу нарх чегарасини қабул қилмаймиз ва иш қандай ташкил этилишини таҳлилдан сўнг маълум қиламиз, — деди матбуот котиби журналистларга.
2 декабрь куни Европа кенгаши Россия нефтининг бир баррелига 60 доллардан нарх чегарасини қайта кўриб чиқиш механизми билан жорий этишни маъқуллади.
Бу чеклов Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Украинадаги урушни молиялаштиришни қийинлаштириш мақсадида Россиянинг иқтисодий салоҳиятини заифлаштириш воситаси сифатида баҳоланмоқда.
Нарх чегараси Россия ва Украина ҳукумати томонидан танқид қилинди.
Россия расмийлари нархларнинг юқори чегарасини эркин бозор тамойилларини бузувчи чеклов сифатида баҳолади ва энергия ресурсларини арзонроқ нархда етказиб беришнинг иложи йўқлиги ҳақида огоҳлантирди.
Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, «душман иқтисодиётини тезроқ йўқ қилиш» учун бир баррель нефть нархининг юқори чегарасини 30 доллар қилиб белгилаш икки баравар қимматга тушарди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россия нефти учун 60 долларлик нарх чегарасини белгилашга келишиб олгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)