Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» нашри 30 ноябрда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.

Украинани қайта тиклаш учун 1 триллион доллар керак. Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари тергови учун махсус суд яратиладими?

Ҳозирги пайтда Украинани қайта тиклаш учун 1 триллион доллардан ортиқ маблағ талаб этилади. Бу ҳақда Владимир Зеленский Халқаро кўргазмалар бюроси Бош ассамблеясига йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.

«Ҳозирданоқ ўнлаб шерик мамлакатларни Украинани қайта тиклашга жалб қиляпмиз. Маблағларнинг умумий ҳажми — 1 триллион доллар», — деган президент. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Ғарб мамлакатлари ва компаниялари ҳудудлар, шаҳарлар ёки корхоналарни «оталиққа олиши» мумкин ва бунинг амалий ижросига ўтган давлатлар санаб ўтилган.

Айни вазиятда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўз баёнотида: Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери 20 мингдан ортиқ тинч аҳоли ва Украина Қуролли кучларининг 100 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлганини келтирди.

«Россия ҳарбий жиноятлари учун жавоб бериши керак», — деган Европа комиссияси раҳбари, Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини тергов қилиш учун БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган махсус суд яратишни таклиф қилди.

Еврокомиссия раҳбарининг айтишича, Россия Украинага етказилган молиявий зарарни ҳам қоплаши керак, унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳозиргача 600 миллиард евродан ошган. Ушбу мақсадлар учун ЕИ Россия Марказий банкига қарашли 300 миллиард евро ва россиялик олигархларга тегишли 19 миллиард евро маблағни музлатиб қўйган.

Россия терроризм ҳомийси деб тан олинишидан бош тортилди. Бунинг сабаби нимада?

АҚШ Россияни терроризм ҳомийси деб тан олишдан бош тортиши сабабларидан бири дон битими бўлган. Бу ҳақда мамлакатнинг Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)даги доимий вакили Майкл Карпентер маълум қилди.

«Бу қонунчиликдан фойдаланишимиз натижасида Украинанинг босиб олинган қисмларига гуманитар кўмак бериш, шунингдек, бизнинг фикримизча, ҳам Украина, ҳам АҚШ манфаатларига жавоб берадиган бошқа хатти-ҳаракатларга, масалан, дон битимига ёрдам бериш бўйича имкониятларимиз чекланиб қолади, деб ўйлаймиз», — деди Карпентер.

Қора денгиз дон ташаббуси келишувлари 22 июль куни Истанбулда Туркия ва БМТ томонидан Россия ва Украина билан алоҳида-алоҳида имзоланган эди. Улар дон олиб чиқиб кетиш учун Украина портларини очишни ҳамда Россияга қарши Ғарб санкциялари киритилган бир пайтда мамлакатдан озиқ-овқат ва ўғитларнинг дунё бозорига етказилишига ёрдам беришни кўзда тутарди.

Сентябрь бошида АҚШ президенти Жо Байден «Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат сифатида тан олиш керакми, йўқми?» — деган саволга рад жавобини берган эди. Июль охирида АҚШ сенати давлат котиби Энтони Блинкенга шундай даъват билан резолюция қабул қилган эди.

Хитойнинг Ядро арсенали кенгайиб бормоқда. Британия ва Хитой ўртасидаги «олтин давр тугаши» маълум қилинди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) 2035 йилга бориб, Хитойнинг ядро арсенали кенгайиши ,жанговар каллаклари сони 1,5 мингтагача етиши мумкинлигини маълум қилди. Хитой халқ озодлик армияси ракета қўшинлари 2021 йилда синовлар ва ўқув машқлари доирасида қарийб 135 та баллистик ракета учирган.

«Бу низо ҳудудларида қўлланилган баллистик ракеталардан ташқари, бошқа мамлакатларнинг барча ракеталарини қўшиб ҳисоблагандагидан ҳам кўпроқдир», — дейилади маърузада.Пекин, шунингдек, қитъалараро баллистик ракеталар шахталари учун учта полигон қурилишини ҳам давом эттирган, у ерга қитъалараро баллистик ракеталар учун камида 300 та янги шахта ўрнатилади.

Пентагон Хитойни «АҚШ миллий хавфсизлигига ҳамда эркин ва очиқ халқаро тизимга нисбатан энг жиддий ва тизимли чақириқ» деб атамоқда.

Бундан аввалроқ Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Британия ва Хитой ўртасидаги ‘олтин давр’ тугаганини маълум қилган. Бунга сабаб сифатида Сунак Хитойда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини эслатиб, айни пайтда Британия ҳукумати Хитойнинг дунёдаги аҳамиятини шунчаки эътибордан четда қолдира олмаслигини қайд этган.

Ўзбекистондаги тирбандлик совет даврида қурилган йўллар сабаблими?

Ўзбекистондаги аксарият автомобиль йўллари бундан 40-50 йил илгари қурилган бўлиб, улар ҳозирги талабга жавоб бермаяпти. Бу ҳақда сенатор Қутбиддин Бурҳонов «Дарё» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Қутбиддин Бурҳоновнинг таъкидлашича, юзага келаётган тирбандликларнинг асосий сабабларидан бири йўллар эскиргани билан боғлиқ.

«Тан олиш керак, тирбандлик муаммоси нафақат Тошкентда, балки вилоятлар марказларида ҳам тобора авж олмоқда. Кўп йўлларимиз Совет даврида лойиҳалаштирилган. Яъни улар 40-50 йил аввал қурилган йўллардир. Автомобильлар эса кундан кунга ривожланмоқда. Ўзбекистонда илгари ҳеч қанақа автомобиль заводи йўқ эди.

Бугун бир нечта заводлар енгил ва юк автомобилларини ишлаб чиқармоқда. Бундан ташқари, йўлларда оғир техникалар, тракторлар ҳам ҳаракатланади. Шунинг учун йўлларимиз бугунги талаб даражасига жавоб бермайди.

Ҳукумат томонидан йўлларни кенгайтириш, келажакда 50 йилни ҳисобга олиб йўл қуришга эътибор берилмоқда. Шаҳарларда эса имкон даражасида биноларга яқин бўлмаган йўллар кенгайтирилмоқда».

Аввалроқ Қутбиддин Бурҳонов республикада ўтган 10 ойда юз берган ЙТҲлар оқибатида 1 минг 931 нафар фуқаро ҳалок бўлгани, шунинг 226 нафарини ёш болалар ташкил этганини айтганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Британия ҳукумати “Вагнер”ни террорчи ташкилот деб эълон қилмоқчи — The Telegraph
Дунё
АҚШда хавфли моддаларни олиб кетаётган юк поезди релсдан чиқиб кетди (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистонда келаётган ҳафта бошида қандай об-ҳаво бўлади?