Венгрия 2023 йилда мамлакат бюджетидан 187 миллион евро ажратади ва бу пуллар Украинага имтиёзли кредит сифатида ўтказилади. Тегишли буйруқни бош вазир Виктор Орбан имзолади, деб хабар бермоқда ҳукумат расмий журнали.
Ҳужжатда қайд этилишича, 187 миллион евро Европа Иттифоқининг Украинага 2023 йилда иқтисодиётни тиклаш учун кредитлар бериш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ажратилмоқда. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сиярто молиявий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган келишувни тузиш бўйича Украина билан музокараларни бошлаши кутилмоқда.
Ноябрь ойи бошида Европа комиссияси Украинага 2023 йилда «юқори имтиёзли кредитлар» кўринишида 18 миллиард евро ажратишга қарор қилди. Пуллар мамлакатнинг молиявий эҳтиёжларини қоплашга — иш ҳақи ва пенсияларни тўлашга, касалхоналар ва мактабларнинг ишлашини таъминлашга, шунингдек, ўққа тутилиб вайрон бўлган муҳим инфратузилмани тиклашга йўналтирилиши керак.
Ҳети Вилáггаздасáг журнали хабарига кўра, Венгрия бу ғояни қўллаб-қувватламаган. Орбан Иттифоқ Украинага қанча пул беришга тайёрлигини аниқлаб олишни ва бу суммани ЕИ давлатлари ўртасида «мутаносиб ва адолатли» тақсимлашни таклиф қилган. У Венгрия икки томонлама келишув доирасида Киевга йилига 60—70 миллиард форинт (тахминан 150 миллион евро) тўлашини қўшимча қилганди.
Изоҳ (0)