Наманган аэропортида Россиядан қайтган шахс белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиққани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 октябрь куни Наманган халқаро аэропортига Домодедова–Наманган йўналишидаги авиарейс билан учиб келган, 1993 йилда туғилган, Поп туманида яшовчи фуқаро А.Х.га тегишли бўлган фуқаролик паспорти аэропорт чегара ходимлари томонидан кўздан кечирилган. Мазкур паспортда ички ишлар идораларининг фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан бериладиган «Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсат берувчи» виза-стикер ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти бўлмаса-да, Россия орқали белгиланган тартибни бузиб, қонунга хилоф равишда Туркияга бориб келгани аниқланган. Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотномасида фуқаро А.Х. муқаддам хорижий давлатларга чиқиш масаласида ариза-анкета билан мурожаат этмагани кўрсатиб ўтилган.
Шундай қилиб, фуқаро А.Х. ўзининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари билан қонунга хилоф равишда белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиқиб, Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган. Жиноят иши эса айблов хулосаси билан тегишли судлов органига юборилган.
Изоҳ (0)