Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 17 ноябрь куни тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Мухриддин билан Самарқандда учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон—Тожикистон дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, турли соҳалардаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Икки мамлакат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда ютуқларга эришилгани таъкидланган.
Томонларнинг олий даражадаги келишувларни ҳар томонлама амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга тайёрлиги маълум қилинган.
Парламентлар, ҳукуматлар ва тармоқ вазирликлари орқали фаол мулоқот ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш, икки мамлакат минтақаларининг тўғридан-тўғри алоқаларини қўллаб-қувватлаш, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар, шу жумладан, Ўзбекистон—Тожикистон инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан кўриб чиқилган.
Сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барқарор транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган.
Халқаро институтлар доирасидаги томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек, минтақавий сиёсатнинг айрим масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Изоҳ (0)