Россия ва Хитой АҚШни гипертовушли қуроллар технологиясини ривожлантиришни жадаллаштиришга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг стратегик тизимлар дастури директори, вице-адмирал Жонни Вулф маълум қилди, деб хабар беради CNN.
«Яқин вақтгача бизда қурол тизимида ушбу технологияни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун чинакам ҳаракатлантирувчи куч йўқ эди. Энди шундай зарурат пайдо бўлди ва биз зудлик билан унга етиб олиш ниятидамиз», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Пентагон ушбу технологияни жорий этиш бўйича синов ва тадқиқотлар суръатини оширишга интилмоқда.
5 ноябрь куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари адмирали Чарльз Ричард гипертовушли қуроллар пойгасида Россия ва Хитой АҚШни четлаб ўтганини тан олганди.
АҚШ ўзининг гипертовушли ракетасини яратмоқчилиги ҳақида 2020 йил май ойида ўша пайтдаги давлат раҳбари Дональд Трамп эълон қилган эди. У АҚШ ҳарбийлари томонидан ишлаб чиқилаётган ракета ҳозирда дунёдаги энг тез деб ҳисобланган ракетадан 17 баравар тезроқ учиши ва 1,6 минг км масофадаги нишонларни уриб тушира олишини айтганди.
Октябрь ойи охирида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари гипертовушли ракетанинг таркибий қисмлари муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берди.
Изоҳ (0)