Хитой етакчиси Си Цзиньпин G20 саммитида АҚШ президенти Жо Байден билан икки томонлама учрашувда Тайван масаласини Хитой—АҚШ муносабатларидаги асосий қизил чизиқ деб атади. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги сайтида хабар берилди.
«Си Цзиньпин Тайван масаласининг келиб чиқиши ва Хитойнинг принципиал позициясини ҳар томонлама ва тизимли равишда тушунтириб берди. У Тайван муаммоси Хитой манфаатлари орасида асосий ва Хитой—АҚШ муносабатларидаги ўтиб бўлмас биринчи қизил чизиқ эканини аниқ қилиб таъкидлади», — дейилади хабарда.
ТИВ Хитой—АҚШ муносабатлари «нол сумма ўйинидан» воз кечиши, қарама-қаршилик эмас, балки мулоқот оҳангини ўрнатиши, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка амал қилиши кераклигини таъкидлади.
Аввалроқ Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тан Кефей Хитой мудофаа вазири Вей Фенхе «ASEAN» мудофаа вазирлари йиғилиши доирасида америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан учрашишга тайёрлигини маълум қилганди. «Хитой томони ижобий кайфиятда ва АҚШ билан фикр алмашишга очиқ», — дейилади Хитой Мудофаа вазирлигининг WeChat аккаунтида.
Жорий йилнинг август ойида Тайван икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига сабаб бўлди: АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Пекин мустақиллигини тан олмайдиган ушбу оролга ташриф буюрди. Хитой унинг келишини давлатнинг ички ишларига аралашиш деб ҳисоблади.
Изоҳ (0)