Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳозирда клиникада даволанаётгани ва унга 17 та тиббий ташхис қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Сиёсатчининг адвокати Шалва Хачапуридзе унинг ҳозирга аҳволи ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Шифокорлар Саакашвилига деменсия (ақлий заифлик) симптомлари, шунингдек, сил ва бошқа касалликлар ташхисини қўйган.
«Ташхислар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Таҳлил жавобларини кутмоқдамиз. Касаллик бўйича шубҳалар бор, бу борада ишлар давом этмоқда. Сиёсатчи деменсия ва сил касалига шубҳа қилингани, шунингдек, 34 та бошқа хасталик аниқланганини назарда тутяпман», — дейди Хачапуридзе.
Саакашвилининг адвокати 14 ноябрь куни сиёсатчини текшираётган америкалик шифокорлар унинг соғлиғи ҳақида ҳисобот берганини айтди. Хачапуридзе ҳозирча унинг мазмунини ошкор эта олмаслигини айтди, аммо натижаларни 20 ноябргача оммага эълон қилишга ваъда берди.
Хорижлик экспертлар Саакашвилини август ойидаёқ текширишни бошлаган. У даволанаётган Вивамеди клиникасига америкалик ва швейсариялик шифокорлар келган. Бундан ташқари, британиялик психиатр 8 ноябрь куни Грузияга келиши керак бўлган. Саакашвилига қўйилган ташхислар, адвокатнинг сўзларига кўра, грузиялик шифокорлар хулосасидан жиддий фарқ қилади.
Михаил Саакашвили 2004 йилдан 2013 йилгача Грузия президенти лавозимида ишлаган ва кейин мамлакатни тарк этган. Грузияда унга қарши бир қанча жиноий иш қўзғатилган, жумладан, бюджет маблағларини кераксиз сарфлаш, лавозимини суиистеъмол қилиш ва депутатни калтаклаш. 2015 йилда Саакашвили Грузия фуқаролигидан маҳрум қилинган ва у Украина фуқаролигини олганди.
Изоҳ (0)