Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида алиментдан қарздор оталар судда жавобгарликка тортилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га МИБнинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Дилмуродова хабар берди.
Маълум қилинишича, Бюронинг Шаҳрисабз туман бўлимига алимент тўламаётган фуқаролар устидан уларнинг собиқ турмуш ўртоғлари шикоят қилиб, собиқ эрига қонуний жазо берилишини сўраган.
Мурожаатларга кўра, кеча, 10 ноябрь куни алимент қарздорлиги 5 миллион сўмдан юқори бўлган 16 нафар қарздор МИБга олиб келинди. Улардан 3 нафари тушунтириш орқали оиласи билан яраштирилган бўлса, 13 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47/4-моддаси (дояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан ҳужжат тайёрланиб, Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилди, — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари.Қўшимча қилинишича, суд қарорига асосан 7 нафар қарздорга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган бўлса, 3 нафар қарздорлар алимент пулларини суд залида тўлаб берган.
Яна уч нафар қарздор алимент пулларини қисман тўлаганлиги сабабли, қолган қарздорликни бартараф этишлари учун 5 кун муддат берилди, — дейди МИБ Шаҳрисабз туман бўлими давлат ижрочиси Санжар Мухаммадиев.
Изоҳ (0)