Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Косон туманларида алиментдан қарздор оталар ўз мажбуриятини бажариб, бири болалари учун яшашга уй олиб берган бўлса, яна бири хонадонидан жой берди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБнинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Дилмуродова хабар берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2022 йил 4 апрелдаги буйруғига асосан Ғузор туманида яшовчи қарздор Ж.Э.дан собиқ хотини, ундирувчи Ю.Р. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган. Бироқ қарздор алиментдан бўлган қарзларини тўлиқ тўламай келган.
Жорий йилнинг 26 октябрь куни ўзаро келишувга асосан қарздор фарзандларининг моддий таъминоти учун улар 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаши лозим бўлган маблағлари ўрнига Қарши шаҳрида жойлашган 2 хонали квартирасини ундирувчи номига нотариус орқали расмийлаштириб, 10 миллион сўм алимент қарздорлигини ҳам тўлаб берди, — дейди Гулноза Дилмуродова.Косон туманида яшовчи ота эса Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг 2022 йил 9 август кунидаги ижро варақасига асосан даъвогар Х.Г. ва икки нафар вояга етмаган фарзандига Косон тумани Бойғунди МФЙ, Бойғунди қишлоғидаги уйидан жой берган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича, давлат ижрочиси томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида тарафларга ихтиёрий муддат берилиб, огоҳлантирилган. Шунингдек, ижро ҳужжати юзасидан давлат ижрочиси томонидан қарздор М.О. ва унинг яқин қариндошлари билан суҳбат ўтказилган. Тушунтириш ишлари ва олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида даъвогар Х.Г. икки нафар вояга етмаган фарзани билан биргаликда кўрсатилган манзилда яшай бошлади, — дейди масъул.