Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчилари томонидан ҳудуддаги хонадонларда яшовчи мактаб ёшидаги болалар ҳақида маълумотлар йиғилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, вазирлик томонидан ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва таълим муассасаларга ҳеч қандай алоҳида топшириқлар берилмаган.
Мактаб раҳбарияти ўз мактабига бириктирилган микроҳудудда яшаётган ва келгусида мактабга келиши мумкин бўлган болалар тўғрисидаги маълумотга эга бўлиши керак.Таъкидланишича, умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш ҳамда халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш қатъиян тақиқланган.Бу жараён бугунги кунда электрон тизим орқали амалга оширилиб, бунинг учун мактаб педагоглари уйма-уй юриши зарурияти йўқ. Сўнгги 2 йилдан буён Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда (онлайн) амалга оширилмоқда.
Бунинг учун вазирликнинг электрон ахборот тизими (my.maktab.uz) тегишли вазирлик идоралар билан интеграция қилинган ҳолда маълумотлар олинмоқда. Хусусан қабул жараёнларида ота-оналарнинг яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг манзил-рўйхат ахборот тизими билан, микроҳудуд (маҳалла) тўғрисидаги маълумотлар эса ахборот тизимларни интеграция қилинган ҳолда аниқланади.
Жойлардаги айрим раҳбарларнинг «ташаббуси» билан микроҳудуд бўйича маълумотларни йиғиш жараёнига педагог-ходимларни жалб қилиш ва уларни фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш эса мутлақо тақиқланганини эслатиб ўтамиз», — дейилади ХТВ ахборот хизмати муносабатида.
Халқ таълими вазирлиги барча мактаб директорлари ва педагог ходимларига уларнинг лавозим мажбуриятларига кирмайдиган ишларга жалб этиш қатъиян та’қиқланганини эслатиб ўтган.
Изоҳ (0)