Танзанияда йўловчи самолёт қулаши оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди, дея маълум қилди мамлакат бош вазири Қосим Мажалива.
Танзаниянинг энг йирик хусусий авиакомпанияси Precision Air’га қарашли самолёт 6 ноябрь куни эрталаб ҳалокатга учраган эди. У Дор-эс-Саламдан мамлакат шимоли-ғарбидаги Букобага йўл олган. Самолёт аэропортга қўнмоқчи бўлган вақтда Виктория кўлига қулаган.
Аввалроқ уч нафар қурбон ҳақида хабар берилганди, шунингдек, расмийлар 28 киши қутқарилганини маълум қилган.
Танзаниа Business Insight компанияси дастлаб самолёт бортида 53 киши бўлганини хабар қилди. Кейинроқ Citizen нашрининг аниқлик киритишича, у ерда икки учувчи, икки стюардесса ва 39 нафар йўловчи – жами 43 киши бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодисага ёғингарчилик ва ёмон об-ҳаво сабаб бўлган. Полиция маълумотларига кўра, самолёт 100 метр баландликда пайти кўлга қулашни бошлаган. Ҳалокатдан кейин ёмғир тўхтаган ва қутқарувчилар воқеа жойига етиб борган.
BBC’нинг гувоҳларга таяниб хабар беришича, самолёт сувга тушганидан сўнг маҳаллий балиқчилар унга сузиб борган ва очиқ орқа люк орқали бир қанча йўловчиларни қутқаришга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)