Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги уйларнинг бирида содир бўлган ёнғинда бир киши қутқариб қолинди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 31 октябрь куни соат 17:20 да Зангиота тумани ФВБга Назарбек ҳудуди «Мевазор» маҳалласида жойлашган уйларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шунга кўра 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 17:34 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 17:42 да ўраб олинган ва соат 17:50 да тўлиқ бартараф этилган.
Қутқарувчилар ёнғинни бартараф этиш чоғида аланга ичида қолиб кетган 1978 йилда туғилган фуқарони қутқариб, унинг ҳаётини сақлаб қолган. Шунингдек, хонадоннинг 250 метр квадрат майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Фуқаро тез-тиббий ёрдам орқали шифохонага юборилган. Айни вақтда унинг аҳволи яхши.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)