1 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Франциядан мустақилликка эришган Жазоир, АҚШ президентини ўлдириш учун келган икки пуэрториколик ва Россия империяси тахтига ўтирган Николай II оид фактлар ўрин олган.
Шарл де Голл сабаб мустақилликка эришган Жазоир
1954 йил 1 ноябрь куни Жазоирнинг (Франциядан) мустақилликка эришиши йўлидаги қуролли уруши бошланган эди. Миллий озодлик фронти (МОФ) мустамлакачига қарши кураш бошлашга чақирди. Ушбу ташкилот суверенитетнинг эълон қилиниши ва ҳукуматнинг шакллантирилишини, барча фуқароларга асосий эркинликлар берилишини ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ўша вақтда қуролли исёнчилар сони 4 минг кишидан ошмаган эди.Франция ҳукумати жазоирликларга қарши Хорижий легион ва парашютчилар, танк ва авиация қисмларини ташлади. Қақшаткич жанглар бошланди. МОФ жангчилари дастлабки ойларда Орес тоғли ҳудудида маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватлови остида муваффақият қозонди. Жанговар техникалар борасида устуворликка эга французлар исёнчиларни бостира олмаган. Вақт ўтиши билан исёнчилар ўз позицияларини мустаҳкамлаб олган. Тарқалиб кетган партизанлар гуруҳлари йирик бўлинмалар атрофида бирлашган ва ҳатто Миллий озодлик армияси (МОА) шакллантирилган.Умуман олганда ташкилотлар ўртасида ҳам маълум қарама-қаршиликлар бўлган ва у баъзида қуролли тўқнашувлар билан якунланган. 1955 йили Жазоир масаласи БМТ Бош ассамблеяси сессиясининг кун тартибига киритилган. Бироқ Франциянинг ғарбдаги иттифоқчилари қўллаб-қувватлови боис масала кўриб чиқилмаган. Бир-бирининг ўрнига келган француз бош вазирлари мустамлака шароитини сақлаб қолиш ва урушни давом эттириш сиёсатини сақлаб қолган.
Урушнинг учинчи йилига келиб МОАга араб давлатлари томонидан ёрдам кўрсатиш ошган. Француз қўшинлари техникалардан фойдаланган ҳолда ҳудудларни интенсив текшириш тактикасидан фойдаланган. Жазоирда биринчи марта десантларни жойлаштиришда ўқотар қуроллар ўрнатилган вертолётлар ёрдамида фойдаланилган. Айниқса, курашлар мустақилликка эришган Тунис билан чегарада кучли давом этар, исёнчиларга у ердан мунтазам ёрдам келиб турарди.
1950 йиллар иккинчи ярмида исёнчилар бўлинмаларининг аъзолари 30 мингга яқинлашган. Тунисда ҳам тахминан шунча одам бўлган, Марокашда эса 20 минг киши. Шунингдек, урушнинг яна 115 минг кишини Жазоир томонидан кўнгилли сифатида қатнашганлар сафига киритиш мумкин бўлган. Франция ўз мустамлакасида 215 минг кишилик контингентини сақлаган ва уни 400 мингга қадар чиқарган.
МОФ ва МОА қаршиликларга туриб бериш учун французлар мураккаб истеҳком чизиғини яратган, майдонларни миналаштирган. Исёнчилар тўсиқларни босиб ўта олмаган. Тунисда ташкил этилган жангчиларни тайёрлаш базалари деярли фойдасиз бўлиб қолган. Аҳоли чегара зонасидан Жазоир ичига кўчирилган, французлар мустамлакани денгиздан узиб қўйган.
Урушнинг чўзилиб кетиши, ҳарбийлар орасида қурбонларнинг кўплиги ва иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, Жазоридаги кампанияда катта маблағ сарфланаётгани метрополияда норозилик келтириб чиқарган. Французлар ҳеч бўлмаса можарони ижобий ҳал эта олмаган ўз президентлари Рене Котини танқид қила бошлаган. Инқироз вақтида ултраўнглар позицияси кучайган. Барча Иккинчи жаҳон урушидан кейин унутилган қаҳрамон Шарл де Голлни ҳокимиятга қайтариш ҳақида гапира бошлаган. 1958 йили француз армияси офицерлари ўртасида исён юз берган. Ҳукуматнинг ҳаракатларига норозилик рамзи сифатида бригада генерали Жак Массю Жамоат хавфсизлиги қўмитасини тузган. Фитначилар Корсикани эгаллаб, агарда ўз талаблари қаноатлантирилмаса, Парижга десантчиларни жойлаштириш билан таҳдид қилган.
Де Голлнинг аввалига бош вазир, бир неча ойдан кейин президент лавозимига келиши мамлакатда янги Конституциянинг қабул қилиниши ва Бешинчи республиканинг бошланишига сабаб бўлган. Бироқ миллатчиларнинг нацистларга қарши муваффақият қозонган курашчининг урушни тўхтатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзини оқламаган. Де Голл можарони ҳарбий йўл билан ҳал этишга унча ишонмаган.
Де Голл бунга шундай жавоб қайтарганди: «Нью-Йоркдаги барча маслаҳатчилар, албатта, пул тўламайди». Июнь ойида Де Голл референдум ўтказиш таклифини билдиради. Келиб чиқиши франциялик бўлган Жазоир фуқаролари бунга қарши чиққан. Экстремистлар терактлар ташкиллаштиришга киришган. Де Голл Жазоирга келиб, Миллий хавфсизлик қўмитасининг тарқатиб юборилиши ва француз ҳукумати назоратни қайта тикланишини талаб қилган.
Сентябрь ойида МОФ базасида Жазоир Республикаси эълон қилинган ва унинг муваққат ҳукумати тузилган. 1958 йил октябрда Де Голл жазоирликларга таслим бўлиш таклифини билдиради. Декабрда Жазоирдаги француз қўшинларининг янги бош қўмондони генерал Морис Шаллнинг барча операцияси маваффақиятсизликка учрайди.
Шундан кейин Франция президенти Жазоир борасидаги позициясини юмшатади. Унга қарши бир нечта суиқасдлар уюштирилади. Жазоирда 1960 йил бошида ултраўнгларнинг йирик намойишлари ўтказилиб, у Шалл қўшинлари томонидан бостирилган.
1960 йил Африка йили деб эълон қилинган. Мустамлакачиликка барҳам берилиши натижасида 17 та давлат мустақилликка эришган. Уларнинг катта қисми Францияга қарашли эди. Бироқ Жазоир рўйхатдан ўрин олмаган. Шунга қарамай, Жазоирда жанговар ҳаракатлар давом этган, томонлар биринчи марта музокаралар столига ўтирган.
Референдум натижалари ултраўнгларни 1961 йил февралда махфий қуролли ташкилотни тузишга ундайди — уларнинг мақсади Жазоирни Франция таркибида сақлаб қолиш бўлган. Уларнинг шиори: «Жазоир Францияга тегишли, шундай бўлиб қолади».
1961 йил 21—22 апрель кунлари қўзғолон бошланган — Хорижий легион парашютчилар полки Жазоир мерияси, генерал-губернатор саройи ва аэропортни эгаллайди. Вице-адмирал Корвилл Де Голлга содиқ қолади. 25 апрель куни қўзғолон бостирилади. Айнан Де Голл Жазоирдаги урушни якунлаган «Мустамлака даври ўрнини уюшган қитъалар даври эгаллайди», деганди у. 1962 йил 18 март куни Evian келишувлари имзоланган. Келтирилган шартларга кўра, жанговар ҳаракатлар эртаси кунидан тўхтатилиши керак эди. Француз қўшинлари уч йил давомида Жазоирдан тўлиқ чиқиб кетиши керак бўлган. Шахсий хавфсизлик ва уй-жой дахлсизлиги кафолатланган. Бундан ташқари, Жазоирда Саҳрои Кабирда нефть қазиб олишда устуворлик берилган.
Уруш йиллари давомида Франция 25 минг аскаридан айрилган, яна 65 мингги жароҳатланган. Миллий озодлик фронтининг йўқотишлари эса 152 минг кишидан ошган. Шунингдек, 12 мингдан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлган. 1962 йил 3 июль куни Франция ҳукумати расман Жазоир мустақиллигини тан олган.
АҚШ президентини ўлдиришга уринган пуэрториколиклар
1950 йил 1 ноябрь куни АҚШ президенти Гарри Труменга қарши суиқасд уюштирилганди. Отишма давлат раҳбарининг Вашингтондаги Блер Хаус номли уйи ҳовлисида содир бўлган. Икки нафар миллатчи пуэрториколик АҚШга боғлиқлиги тўғрисидаги қарорга норозилик сифатида Труменни ўлдириш учун Махфий хизмат ходимлари билан жангга киришади. Ҳужум омадсизлик билан якунланган, бироқ у президентни қўриқлаш хизматини қайтадан ташкил этилишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, Трумен Пуэрто-Рико конституциясини қабул қилиш бўйича референдум ўтказишга рози бўлади.Қотиллар қўлида тўрт нафар Америка президенти жон берган: 1865 йилда Авраам Линколн, 1881 йилда Жеймс Гарфилд, 1901 йили Уильям Мак-Кинли ва 1963 йилда Жон Кеннеди. ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги суиқасдларнинг энг машҳурлари Гарри Трумен, Жеральд Форд ва Роналд Рейганга нисбатан уюштирилган бўлиб, улар жиддий жароҳат олган. Билл Клинтон ва кичик Жорж Бушга қарши ҳам суиқасдлар бўлган.
АҚШнинг бошқа президентларига нисбатан Трумен СССРга қарши қаттиқ сиёсат олиб борган. Франклин Рузвельт даврида бошланган мамлакатлар ўртасидаги Гитлерга қарши коалиция имконсиз бўлиб қолган. Трумен президентлиги даврида НАТО блоки тузилган. Айнан у Хиросима ва Нагасакига атом бомбаларини ташлаш буйруғини берган. Коммунизмнинг дунё бўйлаб тарқалишига қаршилик қилган, «совуқ уруш» ташаббускорларидан бирига айланган.
1950 йил 27 июнь куни Трумен Америка қуролли кучларига Корея урушида жанубликлар томонида туриб урушга қўшилиш буйруғини берган. Бир вақтнинг ўзида АҚШ ичидаги коммунистик ташкилотларга қарши қаттиқ сиёсат юритилган. Трумен даврида Америкага қарши фаолиятни тергов қилиш қўмитаси яратилган. Бироқ президентга жиддий хавфни сўлчилар туғдирмаган.
Стивен Хантернинг «Америка отишмаси: Гарри Труменни ўлдириш фитнаси ва режани барбод қилган отишма» китобида қайд этилишича, пуэрториколиклар «қора бозордан» иккита пистолет харид қилган, Нью-Йоркдан Вашингтонга келувчи поездга ўтирган ва таксида Оқ уйга етиб келган. Улар қароргоҳга келгач таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини ва президент бу ерда эмаслигини тушуниб етган. Пуэрториколиклар ортга қайтишга тайёр бўлган, аммо таксичи уларга йўлнинг нарги тарафидаги бино — Блер Хаусни кўрсатган. Жиноятчилар олдиндан ҳеч нарсани режалаштирмаган, иккиси ҳам ҳиссиётларига берилган ҳолда ҳаракатланган.
Аслида Труменнинг олдигача етиб боришнинг деярли имкони йўқ эди: уни 37 нафар малакали соқчилар, шунингдек, Махфий хизмат агентлари қўриқлаган.
«Пенсильвания-авенюга чиққан Торресола Блер Хауснинг ғарбий қисмига боради, бу вақтда Колясо бинога шарқ томондан яқинлашади. Улар уйга бир вақтда бостириб киришни, қўрқичиларни ўлдириб, кейин президентни қидиришга келишиб олади. Мерганлик маҳоратига эга Торресоло вазиятдан келиб чиқиб отишни ўрганган Колясодан уқувли эди. Аммо тақдирнинг бу икки йигитга нисбатан ўз режалари бор эди», — дейилади жоурналист Роналд Кесслернинг китобида.
Бинони шарқий томондан Махфий хизмат агентли Флойд Боринг ва соқчилар бўлинмаси қўриқчиси Жозеф Дэвидсон қўриқлаётган бўлган. Воқеалар жадал тус олади. Колясонинг қаршисидан Дональд Бедзелл исмли соқчи чиқади. У эътиборни ўзига тортиб, ёнга беркинишга улгуради, аммо тиззасидан яраланади. Боринг ва Дэвидсон бунга жавобан ўз қуролларидан ўт очади. Стюарт Стол исмли яна бир агент автомат билан югуриб келади ва Блер Хауснинг иккинчи қаватига элтувчи лифт қаршисидаги фоега жойлашади.
Қуролдан яхши фойдалана олмаган Колясо АҚШ етакчисининг соқчиларига жиддий зарар етказа олмайди. Шу билан бирга у кўкрагидан яраланиб, ҳушини йўқотади. Бинонинг ғарбий томонида эса вазият бошқача тус олганди — бутун бошли агентлар гуруҳи тажрибали мерган Торресолони тўхтатишга уринарди.
Аввалига у соқчилар хонаси олдида турган Жозеф Доунсни бўйин ва елкасини яралайди. Соқчи бино ичига кириб, эшикни қулфлашга улгуриб қолган — шу орқали пуэрториколикнинг Труменни олдигача етиб бориш режаси барбод бўлади. Шундан кейин ҳамкасблари олдига югуриб келган Безделл ҳам оёғидан яраланади.
Бу вақтда отишма овозини эшитган Трумен дераза олдига келади. Уни кўрган агентлар «Ортга, жаноб президент!», дея бақиради. Соқчиларга Коффелт исмли полициячи ёрдамга келади. Торресола уни қорнидан яралайди. Коффелт йиқилишидан олдин бор кучи билан ўқ отишга улгуради ва Торресолани қулоғида яралайди. Жиноятчи воқеа жойида ҳалок бўлади. Унинг рафиқаси ва икки нафар фарзанди бўлган.
АҚШ Махфий хизмати тарихидаги энг машҳур отишма 40 сония давом этган. Колясо саккизта ўқ узишга улгурган, аммо уларнинг биттаси соқчиларга теккан. Торресола отган олтита ўқ ҳам нишонга теккан. Уни ўлдирган Коффелт бир неча соатдан кейин госпиталда жон берган.
Колясо соғайганидан кейин суд қилинган. Суд жараёнида у Пуэрто-Риконинг озодлиги учун курашганини айтиб, қилган ишидан пушаймон эмаслигини билдирган. Жиноятчи ўлим жазосига ҳукм этилган. 1952 йилда Трумен уни умрбод қамоқ жазосига алмаштирган. 1979 йилда президент Жимми Картер Колясони афв этган. Озодликка эришгач у Кубада яхши кутиб олинган ва Фидел Кастро томонидан тақдирланган. Колясо 1994 йили 80 ёшида вафот этган.
Тахтга ўтирган Николай II
Григорян календари бўйича 1894 йилнинг 1 ноябрь куни Россия императори Александр III вафот этади, эртаси куни эса унинг тўнғич ўғли Николай II тахтга ўтирган. 26 ёшли меросхўр ўз яқинларига Россияни бошқаришга ҳали ёш эканидан шикоят қилган.Оғир касалликдан Қримда вафот эган Александр III Россияни 13 йил давомида бошқариб, бирорта урушда иштирок этмаган. Бунга ишониш жуда қийин, чунки императорлар орасида айнан у жанговар ва душманларига шафқатсиз кўринган, шунингдек, айнан у армия ва флотни ўз империясининг ягона иттифоқчиси дея ҳисоблаган.
1894 йил 2 ноябрь куни империя газеталарида Александр III нинг вафоти тўғрисидаги манифест ҳамда тахтга ўтирган Николайнинг нутқи чоп этилган. Шу куни барча — амалдорлар, сарой ходимлари ва армия унга қасамёд келтирган. Вазиятнинг нозиклиги шундаки, 26 ёшли Николай жиддий давлат ишларига тайёр эмаслигини ўзи ҳам биларди. Александр III 50 ёшида вафот этган бўлиб, фарзандини етарлича тайёрламаган эди. Агар касаллик ва бошқа кутилмаган сабаблар бўлмаганида Александр III Россияни яна 20-25 йил бошқариши керак бўлган.
«Сандро мен нима қиламан? Россияга нима бўлади энди? Мен подшоҳ бўлсиҳга ҳали тайёр эмасман! Imperiyaни бошқара олмайман. Мен ҳатто вазирлар билан қандай гаплашиш кераклигини ҳам билмайман. Менга ёрдам бер, Сандро!», — деганди у амакиваччаси княз Александр Михайловичга.
Янги император давридаги ташқи ишлар вазири бўлган Александр Изволскийнинг эслашича, Николай II тахтга ўтирганида керакли билимга эга бўлмаган. «Тақдирнинг ўзи дунёдаги энг йирик империялардан бирини бошқаришни зиммасига юклаган меросхўр қандай қилиб бунчалик тайёргарликсиз улғайганини тушуна олмайман», — деган эди Изволский.
Ички ишлар вазири Иван Дурнова Сергей бир суҳбатда Николайни Павел I билан таққослаганди. Албатта, император Николай II ни Певел Петрович каби бўлмаган, аммо унинг характери ўзига хос эди ва ҳатто Александр I га ҳам ўхшаб кетарди. Александр I ўз вақтида энг зиёли руслардан бири бўлган бўлса, император Николай II ҳозирги вақтда яхши оиладан чиққан ўртача гвардия полковнигининг билимига эга бўлган.
Ўша йилнинг 26 ноябрида Николай Қишги саройда ўзи танлаган қизга уйланади. Уларнинг асал ойи дафн маросимлари ва аза муҳитида ўтади. Янги императорнинг кадрлар бўйича биринчи қарори 6 декабрда можароли рус-турк уруши қаҳрамони Иосиф Гуркони Варшава генерал-губернаторлиги лавозимидан бўшатиш бўлган. Унинг ўрнини Германия империясига яқин бўлган граф Павел Шувалов эгаллаган.
Бошқарувнинг дастлабки ойларида ёш давлат раҳбари ички сиёсат борасида отасининг йўлидан юриш ниятида эканини маълум қилган.
Николай II бошчилигидаги Россия иқтисодий тикланиш босқичида эди, шунга қарамай, сиёсий вазият кескинлашди. Николайнинг сиёсатчи сифатида муваффақиятсизлиги мамлакатда тобора кучайиб бораётган ички кескинликка олиб келган. Натижада 1905 йил 9 январдан кейин подшоҳга борадиган ишчилар митинги шафқатсизларча тарқатилди (тадбир «Қонли якшанба» деб номланди), Россия империясида 1905–1907 йилларда биринчи рус инқилоби бошланади. Инқилоб натижаси «Давлат тартибини такомиллаштириш тўғрисида» манифести бўлиб, у қирол ҳокимиятини чеклаб қўйган ва халққа фуқаролик эркинликларини берган. Унинг ҳукмронлиги даврида содир бўлган барча воқеалар туфайли подшоҳ қонли Николай II лақабини олган.
Николай II нинг болалари: қизлари Олга (1895 йил 3 ноябрь), Татяна (1897 йил 29 май), Мария (1899 йил 14 июнь) ва Анастасия (1901 йил 5 июнь), шунингдек, унинг ўғли Алексей (1904 йил 2 август). Болага оғир касаллик – гемофилия (қоннинг келишмовчилиги) ташхиси қўйилганига қарамай, у ягона меросхўр сифатида ҳукмронлик қилишга тайёр эди.
1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошланган, бу Россия империясига салбий таъсир кўрсатган ва фақат ички сиёсий зиддиятни кучайтирган. Николай II нинг урушдаги муваффақиятсизликлари натижасида 1917 йилда Петроградда қўзғолон бошланган, оқибатда подшоҳ ўз ихтиёри билан тахтдан воз кечган.
Бир гуруҳ одамлар ертўлага йиғилган. Императорнинг рафиқаси Александра Феёдоровна стулга ўтирган, ундан кейин учта қиз: 22 ёшли князя Олга, 21 ёшли Татяна ва 19 ёшли Мария. Подшоҳ Николай II ўртада туриб, унинг ёнига гемофилия билан оғриган 13 ёшли меросхўр Алексейни қўйган. Уни қучоқлаб ертўлага олиб келган. Доктор Боткин уларнинг орқасида турарди. Эшикнинг чап томонида тўртинчи қизи 17 ёшли Анастасия билан бирга хизматкори Эмпресс Демидова жой олган.
Бироқ фотограф ўрнига, фавқулодда комиссия аъзолари ва бир нечта Латвия милтиқчиларидан иборат отишма гуруҳи ертўлага кирган. Оилага ҳамроҳлик қилган Яков Юровский баланд овоз билан ижроия қўмитасининг буйруғини ўқиган: «Николай Александрович, қариндошларингиз Совет Россиясига зарар етказишда давом этмоқда. Урал ижроия қўмитаси сизни қатл этишга қарор қилди».
Ҳукм ўқилгач қирғин бошланган, уни Юровский ўзи бошлаган, подшони шахсан ўзи отиб ташлаган эди. 1918 йил 16 июлда Николай II ва унинг оиласининг қирғин қилиниши Россияда Романовлар сулоласини якунига етказган, аммо барибир сўнгги рус императорининг кўплаб қариндошлари қочиб қутула олган. Николай II нинг онаси Мария Феёдоровна 1916 йилда Киевга кўчиб ўтган ва кейин қизлари ва уларнинг оилалари билан бирга Қримга қочган. Кирилл Владимирович – императорнинг амакиваччаси – хотини билан Финляндияда жойлашган, у ерда 1917 йил августда ўғли Владимир туғилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)