АҚШнинг Чикаго шаҳрида 31 октябрь оқшомида содир бўлган отишмада камида 14 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда CNN шаҳар полициясига таяниб.
Отишма шаҳарнинг Весцайд туманида содир этилган — у ерда одамлар тез-тез учрашув ва йиғинлар ўтказади. Машинада ўтаётган номаълум шахслар оломонга қарата ўқ узган, полиция тахминига кўра, ҳужумни икки киши содир этган. Бир одамни машина уриб юборган.
Жабрланувчилар орасида уч, 11 ва 13 ёшли болалар ҳам бор, дея хабар бермоқда Fox News. Ярадорларнинг ахволи енгилдан оғир даражагача, улар касалхоналарга ётқизилган.
Полиция жиноятчилар нима сабабдан ўт очганини ҳали аниқламади.
4 июль куни АҚШ мустақиллиги кунида Чикаго чеккасида байрамона парад пайтида отишма юз берган эди. Олти киши ҳалок бўлган, йигирмага яқин одам жароҳат олган. Отишмани содир этган 22 ёшли Роберт Кримо ҳужумдан бир кун ўтиб ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)