Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил макон яратиш масалаларига Қозоғистонда ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Олмаота сафарида бўлиб қайтган «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев ушбу мегаполис мисолида мавзуни ўрганди.
Ҳаво сифатини ўлчайдиган қурилмалар, сони ортиб бораётган экопостлар, кундузи ҳам сув пуркайдиган машиналар
Олмаота табиат билан уйғун бўлишга интилаётгани юқоридан ҳам билинади. Самолёт аэропортга қўнишга ҳозирлик кўраётган пайт иллюминатордан шаҳарни кузатдик ва Олмаота яшилликка бурканганига гувоҳ бўлдик. Аэропортдан то меҳмонхонагача бўлган йўлни автобусни кесиб ўтиш чоғида бу таассурот янада кучайди: магистрал йўлларнинг икки четида дарахтлар ўрмон мисоли гуркираб турибди.Дов-дарахт кўплиги ва тоғларга яқинлиги туфайли шаҳарда кўкракни тўлдириб нафас олса бўлади ва бу борада Тошкент билан фарқни яққол сезасиз. Яна бир жиҳати — шаҳар кўчаларига сув пуркаётган махсус машиналар фақат тонгда эмас, тушки пайт ҳам Олмаотани бир қур айланади ва чанг-ғубор кўтарилишига ҳисса қўшади. Шаҳарнинг турли нуқталарига экопостлар қўйилган, ўтган йилнинг ўзида уларнинг сафига 19 та стационар, 3 та кўчма пост қўшилибди.
Олмаотанинг турли ҳудудларида ҳаво сифатини аниқлаш ва аҳолини хабардор қилиш бўйича лойиҳа ишга туширилган. Шаҳардаги 40 дан ортиқ датчикдан бу борада олинадиган маълумотлар мегаполисдаги 50 та LED-экран ва «Олмаота» телеканалига мунтазам узатилади.
Мегаполисда анча йиллар аввал 1 миллион кўчат экиш бўйича «Яшил Олмаота» акцияси бошланган. Ушбу акция доирасида 2019 йили 135 минг, 2020 йилда 282 минг, 2021 йили 215 мингта кўчат экилган. Жорий йил бу кўрсаткич 385 мингтани ташкил этиши кутилмоқда.
Олмаота мутасаддилари нафақат кўчат экиш, балки уларнинг авж олиб кетишини ҳам назорат қилади. Шаҳар яшил иқтисодиёт бошқармасига вазиятни мунтазам мониторинг қилиб бориш топширилган. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, экилган кўчатларнинг тахминан 15 фоизи қуриган, синган ёки кўкармаган бўлиши мумкин. Бироқ кўчатларни қадаган ташкилот ёки компаниялар томонидан уларнинг ҳолатига тўлиқ кафолат берилгани сабабли уларнинг деярли барчаси алмаштирилган ва қайта экилган.
Аҳолига бепул тарқатилаётган кўчатлар, рақамланган ва ишлов берилаётган дарахтлар
«Яшил Олмаота» акцияси доирасида шаҳар аҳолисига акация, терак, оқ қайин ва бошқа дарахтларнинг кўчатлари бепул тарқатилган. Бунинг учун фуқаролар икки йил давомида кўчатларга қаров бўйича кафолат мажбуриятини имзолаши, кўчат ўтқазиш режалаштирилган манзил фотоларини юбориши ва талаб этиладиган кўчатлар сонини кўрсатиши зарур. Кўчатлар экиб бўлинганидан сўнг яшил иқтисодиёт бошқармасига фотоҳисобот юборилади. Бу ташаббус орқали аҳолининг ўзи яшаётган шаҳарни кўкаламзорлаштиришдаги бевосита иштироки таъминланади.Шаҳар яшил фондини сақлаш ва соғломлаштириш мақсадида кўчатлар ва дарахтлар биопрепаратлар билан мунтазам ишлов бериб турилар экан. Бу дарахтларни касалланиш ва қурт-қумурсқалардан асраш учун хизмат қилади. Шунингдек, жорий йил бошида «Олмаота дарахтлари» дастури ишга туширилиб, мегаполисдаги барча дарахтлар рақамлаштирилган. Бу дастур ёрдамида шаҳардаги барча дарахтларни топиш мумкин ва уларни кесиш катта муаммо, тўғрироғи, бошоғриғига айланади.
Дастурда дарахтларни рақамлаштиришдан ташқари уларнинг ҳолатига ҳам баҳо берилган: «яшил» — соғлом, «қизил» — нимжон ва «кўк» — авж олиб кетолмагани сабабли кесилиши зарур бўлган дарахтлар.
Мавсумий гуллардан воз кечаётган шаҳар
Олмаотада ҳозир бизнинг шаҳарларда урф бўлган бир йиллик гуллар экиш амалиёти олдинлари кенг қўлланган экан. Энди мегаполис мутасаддилари турган-битгани зиён бўлган бу одатдан воз кечиб, кўп йиллик гуллар экиш амалиётига ўтмоқда.Шунингдек, Олмаотани гуллар билан безашда ноодатий услублардан ҳам фойданилмоқда. Шаҳарда бўлган пайтимиз автобус бекатларининг аксари гуллар билан вертикал безатилганига гувоҳ бўлдик.
Бу билан жойдан унумли фойдаланилган, шаҳарга эстетик кўриниш берилган ва экологик вазият яхшиланишига ҳаракат қилинган.
Олмаота аҳолиси экоҳашарларда ҳам фаол. Мегаполисга биз боришимизда сал олдинроқ Медео, Кимасар ва шаҳарнинг сайёҳлар кўп борадиган бошқа манзилларида тозалов ишлари олиб борилган ҳамда 35 минг тонна чиқинди йиғиштирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар экилган.
Бунинг учун жамоатчилик вакиллари, талабалар, волонтёрлар учун махсус автобуслар ташкилланган, зарур анжомлар ажратилган.
Олмаотани кўкаламзорлаштириш билан давлат эмас, бизнес шуғулланади
Қайд этиш жоизки, Олмаотада шаҳарни кўкаламзорлаштириш ишлари билан давлат ташкилотлари эмас, ландшафт компаниялари шуғулланади. Уларнинг сони Олмаотанинг ўзида ўндан ортиқ. Компанияларга жуда катта талаблар қўйилади: махсус техникалар, малакали мутахассислар мавжудлиги ва ҳоказо. Улар шаҳар маъмурлари эълон қиладиган тендерларда иштирок этади ва майдон, боғларни кўкаламзорлаштириш, кўча ва хиёбонларга гул ҳамда кўчатлар экиш билан шуғулланади.Катта ҳажмдаги ишларни бажаришади ва катта масъулият ҳам зиммаларида — экилган ҳар бир гул ва кўчат учун жавоб беради, уларни авж олиб кетишини кафолатлайди. Шу билан бирга, бунинг ортидан оладиган даромадлари ҳам бинойидек: ландшафт дизайни борасидаги энг йирик шартномалар айнан шаҳарни кўкаламзорлаштириш билан шуғулланувчи компанияларга тегишли.
Уларнинг аксари Қозоғистон кўкаламзорлаштириш ассоциацияси (мамлакатда шундай уюшма ҳам бор) аъзолари ҳисобланади. Ўзида 100 га яқин аъзоларни жамлаган ушбу ассоциация томонидан жорий йил сентябрь ойида ўнинчи бор «Almaty Garden Show-2022» фестивали ўтказилган ва соҳа мутахассислари шаҳар тароватини янада ошириш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашган.
Олмаота мутасаддилари мегаполисни иккинчи Дубай эмас, балки аҳоли яшаши учун қулай бўлган боғ-шаҳарга айлантиришга ҳаракат қилишаётганини бот-бот такрорлашади. Ўтган йили Олмаотада бир кишига тўғри келадиган яшил макон ҳудуди 4,6 квадрат метрдан ташкил этганди, бу йил эса мазкур кўрсаткич 7,7 квадрат метрга етган. Назаримизда, улар тўғри йўлдан кетаётгандек...
Изоҳ (0)