Қисман сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, тюменликлар орасида чет элда иш топишга қизиқиш сезиларли даражада ошди. Улар қизиқиш билдираётган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам мавжуд. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Тюменнинг HR агентликлари бундай сўровлар сони беш баравар кўпайганини таъкидлади.
Ўтган ой давомида Тюмен вилоятидан иш изловчиларнинг 26 фоизи бошқа минтақага кўчиб ўтишга тайёрлигини билдирган.
Улар орасида кўчиб ўтиш учун энг машҳур давлатлар Қозоғистон (12 фоиз), Грузия (5 фоиз), Беларусь (4 фоиз), Ўзбекистон (3 фоиз), Озарбайжон (3 фоиз), АҚШ (3 фоиз), Туркия (2 фоиз), Канада (2 фоиз), Германия (2 фоиз) ва БАА (2 фоиз).
Илгари ҳар ойда хорижда ишлаш учун 6—7 тадан сўровлар келиб тушаётган бўлса, ҳозир ҳафтасига 30 дан ортиқ бундай мурожаатлар келиб тушмоқда, — деди Forward Company рекрутинг агентлиги раҳбари Татяна Баданова.
Бундан ташқари, вилоятдан чиқиб кетаётганлар учун ҳужжатларни таржима қилиш хизматларига бўлган талаб 20-30 фоизга ошди, мамлакатга кирувчи шахслар учун эса таржима буюртмалари сони 10-15 фоизга камайди.
Аввалроқ сафарбарликдан сўнг россияликлар энг кўп Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг саёҳат суғуртасини сотиб олгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)