АҚШнинг Boston Consulting Group (BCG) консалтинг компанияси бугун, 17 октябрь куни Тошкентда янги офис очилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Компания Ўзбекистонда 2017 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. BCG Марказий Осиё ва Каспий минтақаларида ўз иштирокини ривожлантириш ниятида эканини таъкидлаган.
Биз Ўзбекистонда беш йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаймиз. Мамлакат мураккаб ўзгаришларни бошидан кечирмоқда, жадал суръатлар билан ривожланмоқда ва кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда. Биз бу ўзгаришларнинг бир қисми бўлганимиздан мамнунмиз, — деди BCG Tashkent раҳбари Ризо Нуриев.
Унинг таъкидлашича, Тошкентда офис очиш, BCG учун глобал тажриба ва маҳаллий ваколатларга эга тўлиқ ҳуқуқли марказ мавжудлигини англатади.
Март ойининг бошида BCG, бошқа кўплаб халқаро консалтинг компаниялари сингари, Россиядаги фаолиятини тўхтатганди. Июнь ойида компания Бокуда янги офисини очди.
Boston Consulting Group — 1963 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Массачусетс штатининг Бостон шаҳрида жойлашган Америка глобал бошқарув консалтинг компанияси.
Компания даромадлари бўйича дунёдаги учта энг йирик бошқарув консалтинг фирмалари қаторига киради.
Изоҳ (0)