Чет эл валюта қимматликларини ноқонуний равишда давлат чегарасидан ўтказилишига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, Наманган—Нанай йўналиши бўйлаб Янгиқўрғон тумани ҳудудида ҳаракатланаётган маҳаллий фуқаро (1991 йилда туғилган) бошқарувидаги Cobalt автомобили тўхтатилган.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 200 минг доллар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, мазкур фуқаро ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган қирғизистонлик нотаниш шахслар билан ўзаро тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги хорижий валютани ноқонуний равишда Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)