Германия Украинага тўртта Iris-T SLM ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг биринчисини етказиб берди. Der Spiegel қайд этишича, бу Германияда бор бўлган мудофаа тизимлари орасида энг замонавийсидир.
Iris-T SLM зенит-ракета мажмуаси учта машинадан иборат, булар — ҳарбий юк машинасига ўрнатилган учириш қурилмаси, радиолокация машинаси ва қўмондонлик машинаси. Зенит ракеталари 20 километргача бўлган баландликда ва 40 километргача масофада нишонларни ура олади.
Янги қурол-яроғ етказиб берилиши ҳақида Германия канцлери Олаф Шольц июнь ойидаёқ эълон қилган эди, бироқ биринчи қурилма Украинага ноябрдан олдин юборилмаслиги тахмин қилинганди. Октябрь бошида эса Германия мудофаа вазири Кристина Ламбрехт Одессага ташрифи чоғида Германия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг дастлабкиси «энг яқин орада» етказилишини маълум қилди.
Қолган учта тизим Украинага 2023 йилда юборилади. Аниқ муддатлар ҳозирча номаълум.
Шунингдек, Украинага АҚШдан тўртта қўшимча HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари етиб келди. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Алексей Резников маълум қилди.
АҚШ Украина ҳарбий низо бошидан буён қурол-яроғ етказиб бермоқда. HIMARS тизимларининг биринчи партияси Киевга июнь ойида юборилган. Украина қуролли кучлари уларда қарийб 150 км масофага учувчи GMLRS снарядларини қўллайди.
Байден Киевга 625 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида 4 октябрь куни Зеленский билан суҳбатда эълон қилган эди. Унга тўртта HIMARS тизимлари, 32 та гаубица, артиллерия снарядлари ҳамда бошқа қурол-яроғ, техника ва ўқ-дорилар киради.
Изоҳ (0)