Туркиянинг Истанбул шаҳридаги уйлардан бирида содир бўлган портлашда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Haberturk нашри хабар берди.
Воқеа 9 октябрь куни Истанбулнинг Кадикўй туманида 3 қаватли уйнинг учинчи қаватида содир бўлган. Портлаш ортидан ёнғин келиб чиққан ва ёнидаги 2 та бинога ҳам тарқалган. Ёнғинни ўчиришга 56 ўт ўчирувчи ва 19 та техника жалб қилинган ва 3 соатда ёнғин бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқароси бўлган А.К. жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Унинг 68 ёшли отаси М.К., 10 ёшли қизи Н.К. ҳамда шахси аниқланмаган яна бир киши ҳалок бўлгани аниқланган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасининг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, айни пайтда консулхона ходимлари жароҳатланган фуқаронинг аҳволидан бохабар бўлиб турибди, шунингдек, марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга жўнатиш масалалари билан шуғулланмоқда.
Айни пайтда портлаш сабабига аниқлик киритилмоқда.
Изоҳ (0)