Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ўқишга киритиш ҳамда ўқишни кўчириб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг Фарғона тумани бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Б.М. бошқа бир фуқаро М.нинг ишончига кириб, 3500 доллар эвазига уни қўшни Қирғизистонда жойлашган университетидаги ўқишини танишлари ёрдамида Фарғона давлат университетига кўчириб беришини айтиб, олдиндан 2000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Ғузор тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ш. бошқа бир фуқаро Э.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Шаҳрисабз Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига ўқишга киритиб қўйиши эвазига минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)