Россия Мудофаа вазирлиги Украина билан урушга маҳбусларни ҳам жалб қилишни бошлади. Улардан «Шторм» махсус отряди тузилмоқда, унинг таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маҳкум ходимлари киради, деб хабар беради Meduza.
Сентябрь охиридан бошлаб Россия Мудофаа вазирлиги «қизил» колониялардаги маҳбусларни Украинадаги «махсус операция»да иштирок этиш учун жалб қилмоқда, у ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг собиқ ходимлари жазони ўтаб келаётган эди. Бу ҳақда манба суҳбатдошларига Рязань вилоятидаги ИК-3 «Скопин» ва Ставропол ўлкасидаги ИК-4 «Александрийская» маҳбусларининг қариндошлари маълум қилишди.
ИК-4 да бўлган эркакнинг қариндоши акасининг сўзларига таяниб, вазирлик вакиллари маҳбусларга «Шторм» батальонига қўшилишни таклиф қилганини айтди. Мудофаа вазирлиги маҳбусларни «Вагнер» гуруҳи вакиллари билан деярли бир вақтнинг ўзида ишга олган — ҳар иккала тузилма вакиллари мос равишда 27-28 сентябрь кунлари колонияга келган. Нашр суҳбатдошининг қайд этишича, «Шторм»га илк чақирилганлар 11 октябрга ўтар кечаси ИК-4 дан олиб чиқилган.
Рязань ИК-3 қамоқхонасида жазо ўтаётган маҳкумнинг отаси нашрга вазирлик вакиллари сентябрь ойи охирида колонияга ташриф буюрганини, улар олти ойлик шартнома ва пул таклиф қилганини айтди. Унга кўра, колониядан 60 киши танлаб олинган ва улар афв этиш тўғрисида ариза ёзиб, ошкор этмаслик шартига кўра шартнома имзолаган.
Мавзуга доир: Украинадаги урушга Россия тергов изоляторларидаги маҳбуслар ёлланаётгани маълум қилинди
Изоҳ (0)