Украина мудофаа вазири Алексий Резников Россия армиясининг зобитлари ва қўмондонлигини «Россияни фожиадан, рус армиясини бўлса хўрликдан қутқаришга» чақирди. Бу ҳақда у рус тилидаги 8 дақиқалик видеомурожаатида гапирган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати ҳарбийларини алдаб, уларга хиёнат қилган — энди бу аскарлар Украинада ҳалок бўлмоқда.
Сизга осон юриш ваъда қилинган эди, лекин улар сизни тузоққа туширди. Бировнинг хомҳаёллари ва ёлғон мақсадлари учун жон беряпсиз. Энди улар сизни тингламайди, чунки ҳозир сизни тинглаш — хатоларини тан олишдир. Москва эса ҳақиқатни ёқтирмайди. Уларга гўёки НАТО қўшинлари билан жангда қандай қилиб қаҳрамонларча ҳалок бўлганингиз ҳақида чўпчак айтиш осонроқ», — деди Резников.У чиндан ҳам НАТО Украинага қурол етказиб бераётгани, аммо бу қуроллар ёрдамида Россия қўшинлари билан жанг қилаётганлар украиналиклар эканини таъкидлади.
Украина мудофаа вазири ўз нутқида мамлакат президенти Владимир Зеленский фронтга тез-тез бораётганини, Россия президенти Владимир Путин эса «бункерда яшириниб ўтирганини» таъкидлади.
Украинада ҳеч кимни озод қилмаётганингизни яхши биласиз. Сиз бутун бошли шаҳарларни йўқ қиляпсиз, ваҳоланки яқиндагина уларни яхши қўшни деб билардингиз, улар рус тилида гаплашарди. Энди эса авлодлар учун адоват уруғи сепилди. Ҳақ иш учун эмас, балки ўлим учун юборилганингизни ўзингиз ҳам тушуниб етдингиз, — дея қўшимча қилди Резников.У рус ҳарбийларини бу урушдан кейин «тарихда қандай ном қолдириши» ҳақида ўйлашга чақирди. Вазирнинг фикрича, улар «ўғри, зўравон ва қотиллар» сифатида ёдда қолади.
Буёғига нима бўлишини айтаман. Минглаб рус йигитлари ўлади. Ундан ҳам кўпроғи қўл-оёқсиз қолади. Лекин улар шарманда бўлади. Сизларни айбдор қилишади. Сизларга яна хиёнат қилишади, — деди вазир.Бундан ташқари, Резниковнинг сўзларига кўра, «ногирон қолганлар, қурбонларнинг бевалари ва етимлари олдига урушдан кейин Кремлдан ҳеч ким чиқмайди».
Хулоса ўрнида вазир жанг қилишдан ҳозироқ бош тортган рус ҳарбийларининг барчасига Украина ҳаёт, хавфсизлик ва адолатни кафолатлашини айтди.
Сизда ҳалиям Россияни фожиадан, рус армиясини эса хўрликдан қутқариш имкони бор. Аммо вақт тугаяпти. Фурсатни қўлдан берманг, — дея мурожаатини тугатди Резников.
Изоҳ (1)
Брать хакикий гапларни гапирди