Озарбайжон президенти Илҳом Алиев йил охиригача Арманистон билан тинчлик шартномаси имзоланиши мумкинлигини айтди ва бу арман томонининг хоҳишига ҳам боғлиқлигини таъкидлади.
Вақт кетяпти. Ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви муваффақият келтирмаган бўлса-да, бу ижобий қадам, деб ўйлайман. Агар яқин орада қарор қабул қилинса, томонлар тинчлик шартномаси матни устида иш бошласа, йил охирига қадар келишувга эришишимиз мумкин, — деди Алиев Озарбайжон телеканалларига берган интервьюсида.Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон таклиф қилган тинчлик шартномасининг бешта асосий тамойили бўйича Арманистон ва Европа Иттифоқида ҳеч қандай савол йўқ.
Бу табиий, чунки биз янги ҳеч нарса ўйлаб топмаяпмиз. Ўзаро муносабатларни нормаллаштириш истагида бўлган давлатлар шу (Озарбайжон таклиф қилаётган — «Дарё» изоҳи) тамойилларга асосланади, — деди Алиев.Кеча, 6 октябрь куни Илҳом Алиев Прагада Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Учрашувда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этди. Бу Туркия ва Арманистон етакчиларининг илк юзма-юз кўришиши бўлди. Эрдўғон Арманистон бош вазири билан учрашуви «ижобий муҳитда» ўтганини айтди. Пашинян Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолаш имконияти ҳақида ҳозирча изоҳ бермади.
Изоҳ (0)