Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сил касаллигига аниқ ташхис қўйиш имконини берувчи синамаларни тавсия қилди.
Таъкидланишича, ўпка фаолиятини издан чиқарувчи сил микобактерияси хасталик қўзғатувчиси саналади. Таҳлилларга кўра, дунё аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисмида ана шу инфекциялар мавжуд. Бундай беморларни ўз вақтида аниқлаш эса касаллик профилактикаси ва муолажаси самарадорлигини оширади.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ илк бор инфекцияни юқтирган беморларни туберкулёз микобактериялари антитаналари асосида аниқлаш имконини берувчи янги синамалар туркумини тавсия қилди. Мутахассислар Ҳиндистоннинг Cy-Tb, Россиянинг Generium ва Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган учта янги диагностика воситаси таъсир кучи ҳамда хавфсизлигини баҳолади.
Натижада тавсия этилган ана шу тестлар анъанавий туберкулин тери синамаларига нисбатан аниқлик даражаси юқорилиги ва хавфсизлиги билан устун эканлиги маълум бўлди. Якунда ЖССТ экспертлари ҳар учала тестдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар, катталар ҳамда ОИВ билан касалланган беморларда сил касаллигини аниқлашда фойдаланиш мумкин, деган хулосага келди.
Изоҳ (0)