Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, республикадаги тиббиёт олийгоҳлари ректорлари ва талабалар иштирок этган.
Қайд этилишича, 30 миллиард сўм маблағ эвазига институтнинг янги ўқув биноси қурилган ҳамда зарур воситалар билан жиҳозланган.
Институт замонавий жиҳозлар билан таъминланган 3 та ўқув биноси, симуляция маркази, виварий, илмий лаборатория, 500 ўринли анжуманлар зали, 200 ўринли ошхонага эга бўлган.
Институт дастлаб Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали сифатида фаолият бошлаган. 2020 йил декабрь ойида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтига мустақил мақом берилган.
Ҳозирда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида 3 минг 100 нафардан зиёд талаба таълим олмоқда.
Тадбирда ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан институтнинг бир гуруҳ фахрий устозларига «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони топширилган.
Изоҳ (0)