Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази директори Шоазим Миноваров бошчилигидаги делегация Доҳага ташрифи доирасида Қатар Ислом санъати музейи директори ўринбосари Шайха Носир ан-Носир ва Ҳамад бин Халифа университети Ислом тадқиқотлар факультети декани Ражаб Шентурк билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, учрашувда Қатар Ислом санъати музейи раҳбарияти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида англашув меморандумини имзолаш, қўлёзмаларни таъмирлаш ва рақамлаштириш, томонларда мавжуд бўлган нодир қўлёзма ва асарлар нусхаларини алмашиш, қўшма илмий анжуманлар ўтказишга келишиб олинган.
Шунингдек, ўзбек мутахассислари иштирокида ҳамкорликда Доҳадаги музей қошидаги таълим марказида хаттотлик, ганч ўймакорлиги ва халқ ҳунармандчилигининг бошқа йўналишларида маҳорат дарслари ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилган.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, қўшма илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, тадқиқотлар, ўқув курслари ташкил этиш, ўзаро малака алмашиш ва профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашувини йўлга қўйиш, мутахассислар ташрифларини амалга оширишга келишиб олган.
Бундан ташқари, Ислом тадқиқотлар факультети Қатар хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда ITSM ва Ўзбекистондаги тегишли ўқув юртлари ҳамда марказларга уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 30 мингдан ортиқ турли адабиётлар, ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва бошқа турдаги китобларни етказиб бериш имконияти борлигини билдирган.
Ражаб Шентурк ҳар йили «Ислом молияси» йўналишида Доҳада ўтказиладиган халқаро анжуман тўғрисида маълумот бериб, мазкур тадбир ишига Ўзбекистон вакилларини таклиф қилган.
Изоҳ (0)