Ўзини ўзи республика деб эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикаларида, шунингдек, Украинанинг Россия қўшинлари назоратидаги Запорожье ва Херсон вилоятларида «Россия таркибига қўшилиш бўйича референдумлар» бошланди.
Сайлов комиссиялари Тошкент вақти билан соат 10:00 да иш бошлади. Россияда ҳам «овоз бериш» учун сайлов участкалари очилди.
Барча ҳудудларда «овоз бериш» беш кун, яъни 27 сентябргача давом этади. Шундан сўнг овозларни санаш бошланади. Шу билан бирга, ЛХР ва ДХРда ҳамда қолган икки вилоятда дастлабки тўрт кун давомида сайлов комиссиялари маҳаллий аҳолининг уйларига боради. Референдумнинг сўнгги кунида эса ЛХР, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги сайлов участкалари Тошкент вақти билан соат 10:00 дан 18:00 гача, ДХРда 10:00 дан 22:00 гача очиқ бўлади.
ДХР ва ЛХРда маҳаллий аҳоли «республиканинг Россия Федерацияси таъсис субъекти сифатида Россия таркибига киришини» қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми деган савол «овозга» қўйилган.
Запорожье ва Херсон вилоятларида эса «Сиз Украинадан ажралиб чиқиш, минтақанинг мустақил давлат ташкил этиши ва Россия Федерацияси таркибига кириши тарафдоримисиз?» деган савол «овоз»га қўйилган.
Изоҳ (0)