Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида уй хизматчиси бўлган аёл ўзи ишлаётган хонадондан 170 минг долларни ўғирлади. Бу ҳақда «Менинг Юртим» телеканалининг «Марказий студия» дастурида хабар қилинди.
Маълум қилинишича, аёл ўғрилик содир этган хонадонда 10 йилдан буён уй хизматчиси бўлиб ишлаб келган. У хонадоннинг барча хоналарига кириш ҳуқуқига эга бўлиб, эшик кодларини олдиндан яхши билган.
Йиллар давомида ишончга кирганидан фойдаланган уй ишчиси хонадондаги моддий бойликларни қўлга киритиш мақсадида ўзининг танишлари билан жиноий режа тузган ва уй эгаси хорижга хизмат сафари билан кетганда буни амалга оширган. Улар уйнинг ертўласидаги шкаф ичида бўлган сейфдан 170 минг доллар пулларни ўғирлаб, қочиб қолган. Қўлга киритилган пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан унга нисбатан 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)