Ижтимоий тармоқларда «Олтинкўл тумани 1-умумтаълим мактабида ўқувчилар дарс ўрнига ўт юлмоқда» сарлавҳаси остидаги хабарлар тарқалди. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Аниқланишича, ҳолат 8 сентябрь куни Олтинкўл тумани 1-сонли умумтаълим мактабининг қўшимча филиалида биринчи сменадаги 7-«Г» синфида учинчи соат — технология фани дарсидан сўнг тўртинчи соат оралиғидаги танаффус вақтида юз берган. Унда мактабнинг технология фани ўқитувчиси Ж.Х. ўқувчиларни ўз ихтиёри билан жалб этган.
Ўрганиш давомида ўша вақтда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Н.А. танаффус пайти экани ҳамда ўқувчиларни ихтиёрий равишда бўлса ҳам ободонлаштириш ишларига жалб этмаслик лозим эканини айтиб, ўқувчиларни дарсга тайёргарлик кўришга киргизиб юборган.
Ушбу ҳолат мактаб директори Б.А.нинг туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бўлгани сабабли хабари бўлмаган, бироқ ҳолатдан кейинроқ хабардор қилинган.
Ўрганиш якунлари бўйича ўқувчиларни қисқа фурсатда бўлса ҳам ободонлаштириш ишларига жалб этган мактаб ўқитувчилари Ж.Х. ҳамда умумтаълим мактаблари имижига таъсир қилувчи вазиятни юзага келтирилгани сабабли мактаб директори Б.А.га ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)