Испания аэропортларидан бирида ота-она 10 ёшли ўғлини ҳужжатларидаги муаммо сабабли аэропортда қолдириб, ўзлари таътилга жўнаб кетишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда испан маҳаллий нашрларига таяниб, Fox News хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа Барселонадаги Жосеп Тарраделлас эл Прат халқаро аэропортида содир бўлган. Аэропорт ходимлари боланинг паспорт муддати ўтгани боис уни самолётга қўймаган. Оқибатда ота-она қариндошларидан бирини аэропортга чақирган ва болани олиб кетишини сўраб, ўзлари рейсга чиқиб кетган.
Аэропортда диспетчер бўлиб ишловчи ва TikTok да “Лилиан” тахаллуси билан танилган блогер аёл ушбу ҳолатни видеода шарҳлаб, болада виза бўлмагани учун у мамлакатни тарк эта олмаганини айтган.
“Бола Испания паспорти билан саёҳат қилмоқчи бўлган, аммо ундан виза талаб қилинган. Виза йўқлиги сабабли ота-онаси уни терминалда қолдириб, қариндошини чақирган ва ўзлари кетиб қолган,” деди Лилиан.
Аэропорт ходимлари ёлғиз қолган болани топиб, дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган. Боланинг ўзи эса мутасаддиларга ота-онаси аллақачон таътилга жўнаб кетганини билдирган. Самолёт учишидан олдин учувчига бу воқеа ҳақида маълумот берилган. У йўловчилардан терминалда боласини ташлаб кетганлар бор-йўқлигини сўраган, аммо ҳеч ким жавоб бермаган. Барибир боланинг ота-онаси топилиб, улар самолётдан тушириб қолдирилган. Ота-она билан яна бир ёш бола ҳам бўлгани айтилмоқда. Полиция бўлимида уларга ўғли топширилган.
“Қандай қилиб ота-оналар 10 ёшли фарзандини ҳужжат муаммоси сабабли терминалда ёлғиз қолдириб кетиши мумкин? Қариндош чақирилган тақдирда ҳам орадан анча вақт ўтади! Бу 3 соатга ҳам чўзилиши мумкин. Лекин шунга қарамай ота-она хотиржамлик билан самолётга чиқиб кетган?!”, дея норозилик билдирган Лилиан.
Ушбу воқеа юзасидан ҳали расмий изоҳ берилмаган. Ҳозирда ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилиб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)