Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бирида қизларнинг кийиниб-ечиниш хонасига видеокузатув камераси ўрнатилгани ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур ҳолатни изоҳлаган Халқ таълим вазирлиги бу — ўқувчилар ўртасида ўғрилик ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш, улар ўртасида тартиб-интизом ўрнатиш, назоратни кучайтириш мақсадида қилинганлигини билдирди.
Мактабда қизларнинг кийиниб-ечиниш хонасида кузатув камераси бўлиши қанчалик тўғри? «Дарё» мухбири бу борада кичик сўровнома ўтказди.
Мен мактаблардаги қизлар хонасига камера қўйилишига қаршиман. Сабаби қиз боланинг ибо-ҳаёси бор. Уни ташқаридан биров кузатиб, кўриб туриши асло мумкин эмас. Ўғриликлар оиладаги тарбияга боғлиқ. Агар мактабларда ўғрилик, бир-бирининг сумкасини ковлашга қарши назорат мақсадида қўйилган бўлса ҳам бу нотўғри, — дейди ёши катта онахонлардан бири.Суҳбатдош талабалардан бири ҳам бу ҳолатни қораламоқда.
Камера бўлишини хоҳламас эдим. Кийиниш хонасида ҳар хил ҳолат бўлади. Камерани ким кўришига ҳам боғлиқ. Масалан, камераларни аёл киши кузатмайди, эркак киши кўради. Шунда қиз боланинг кийиниб-ечинишини эркак киши томоша қиладими? Шунинг учун нотўғри деб ўйлайман, — дейди университет талабаси оз фикрларини билдирар экан.Фуқаролардан яна бири эса «Бу нотўғри, чунки қиз бола ҳар хил вазиятда бўлади. Бу ҳолат интернетда тарқалиб кетиши мумкин. Умуман камера бўлиши керак эмас», — демоқда.