Тошкент вилояти Қибрай туманида холасининг уйидан қимматбаҳо буюмлар ҳамда нақд пул маблағларини ўғирлаб кетган шахс ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, 27 август кунидан 2 сентябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида Т.Г. (57 ёшли)нинг Қибрай тумани Арчазор 5-тор кўчасида жойлашган уйига ғайриқонуний равишда кирган. Хонадон меҳмонхонасидан жами баҳоси 120 миллион сўмлик бир дона аёллар занжири, бир дона аёллар билак узуги, 2 дона аёллар бриллиант зираги, 1 дона кўк кўзли аёллар зираги, 1 дона аёллар билак узуги, 3 дона аёллар тилла узуги, 8 миллион 412 минг сўм миқдоридаги нақд пул ва 3250 доллар миқдоридаги пулларни ўғирлаб, ҳодиса содир бўлган жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни жабрланувчининг жияни М.М. (30 ёшли) содир этгани аниқланиб, у процессуал тартибда ушланган.
Жиноят иши доирасида М.М. сўроқ қилиниб, ундан нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ўргани, ўғирланган буюмлар ва пулларнинг тақдири ҳақида сўралган. У катта миқдорда қарзи борлиги ва қарзидан қутилиш мақсадида холасининг уйидан тилла тақинчоқларини ўғирлаб, уларни Тошкент шаҳрида жойлашган Олой бозорида 4800 долларга сотиб юборганини билдирган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.