Тошкент шаҳри ҳокимлигида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, сектор раҳбарлари, олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда пойтахтдаги олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда келтирилишича, шаҳарда бир ҳафтада 10 минг ўринли қўшимча ётоқ жой яратилади.
Йиғилишда бугунги кунда долзарб масала бўлиб турган талабаларни турар жой билан таъминлаш, улар учун ётоқ ўринларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Дастлаб Тошкент шаҳри ҳокими сўз олиб, пойтахт азал-азалдан илм-маърифат маркази бўлгани, у талабалар билан доим гавжум ва файзли эканини инобатга олиб, бугунги кунда юзага келаётган ушбу масалани ҳамжиҳатликда тезкорлик билан ечиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шундан сўнг сўзга чиққан Тошкент молия институти, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат педагогика, Тошкент давлат техника, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар ва Ўзбекистон миллий университетлари, Тошкент тиббиёт академияси ректорлари ётоқхоналарда мавжуд ўрин жой, уларда талабаларнинг жойлаштирилганлик ҳолати ҳамда яна қанча жойга эҳтиёж борлиги ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, айни пайтда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхона қуввати 35 636 ўринни ташкил этади. Бугунги кунда 27 354 нафар талабанинг ётоқ жой бўйича эҳтиёжи қондирилди. Ишлар жадаллик билан давом этмоқда.
Бундан ташқари, 2022 йилда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисоби ҳамда инвестиция дастури доирасида яна 30 956 ўринли 60 та лойиҳалар амалга оширилмоқда. Йиғилишда вазирлик масъуллари томонидан кўрилаётган бу каби чоралар етарли эмаслиги, бошқа имкониятларни ҳам излаб топиш кераклиги таъкидланиб, қатор таклифлар ўртага ташланди.
Шундан сўнг Ортиқхўжаев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида бунёд этилган Tashkent Индекс савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берди. Йиғилиш сўнгида олий таълим муассасалари масъулларига зудлик билан мавжуд эҳтиёж бўйича маълумотларни шакллантириш вазифаси берилди.