Ижтимоий тармоқларда фуқаро Фотима Пардаеванинг ҳомиласи Шаҳрисабз шаҳри туғуруқ бўлими ходимлари айби билан нобуд бўлгани айтилган видеомурожаат эълон қилинганди. Мазкур мурожаат юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, фуқаро тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона қабул бўлимига бел ва қорин соҳасида оғриқ, сув кетиш шикоятлари билан 2022 йил 15 июнь куни соат 00:14 да мурожаат қилган. Шу куни бўлим бошлиғи ва туғуруқ зали шифокорлари кўруви ўтказилган. Аёл консилиум натижасига кўра патология бўлимига ўтказилган. Шунингдек, унда терапевт ва бўлим бошлиғи томонидан тавсия қилинган муолажалар амалга оширилган.
17 июнь куни соат 05:00 да патология бўлимидан аёл дард оғриқларининг бошланиши билан туғуруқ бўлимига ўтказилган. Ташхис — ҳомиладорлик-3, туғиш-2, туғуруқнинг 1-даври, қоғоноқ пардани туғуруқдан олдин эрта ёрилиши, камқонлик ўрта оғир даражаси.
Соат 07:40 да вазни 2800 грамм, бўйи 48 сантиметрли ўғил жинсли чақалоқ туғилган. Ташхис — муддатдан олдинги туғуруқ, асфиксия оғир даражаси, нафас етишмовчилиги 3-даражаси. Кўрилган реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан, 07:45 да чақалоқда биологик ўлим кузатилган. Мазкур ҳолат ҳақида ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар берилган. Суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Маълумотларга кўра, Ф.Пардаева томонидан туғуруқлар оралиғидаги меъёрий 3 йиллик интервалга риоя қилинмаган. 2019 йилдан буён унда 3 маротаба туғуруқ қайд этилган. Ҳомиладорлик бўйича ўзи яшайдиган Шаҳрисабз туманидаги оилавий поликлиникада ўз вақтида ҳисобга олинган. Ўрганиш ишлари давом этмоқда.