Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди. Айни дақиқаларда Ташқи ишлар вазирлигида Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов вазирни жамоага таништирмоқда, деб хабар берди «Дарё» манбаси.
Унда Владимир Норовнинг узоқ йиллик тажрибаси тайинловда инобатга олингани эътироф этилди. Ўз навбатида, йиғилишда айрим танқидий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Сардор Умурзоқов ўзбек дипломатияси олдида турган асосий муаммолар Шавкат Мирзиёевни ташвишга солаётганини таъкидлади. Ташқи хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш, уларга қарши муносиб дипломатик чоралар кўриш лозимлиги, хорижий ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда хориждаги юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўзбек дипломатиясининг энг асосий вазифалари эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган энг катта халқаро тадбирлар — сентябрь ойидаги ШҲТ саммити, ноябрь ойидаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитларини юқори даражада ўтказиш бўйича ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.