Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган «Номсизтепа» археологик ёдгорлигига зарар етказиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу ёдгорлик Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан давлат ҳимоясига олинган.
Ўрганиш натижасида археологик ёдгорликнинг ғарбий томонидан узунлиги 120 метр, энига 1,5 метр ва баландлиги 1 метр умумий ҳажми 180 метр куб тупроқ текислаб олингани аниқланган.
Ҳудудий бошқарма томонидан тупроқ қазиб олиш жараёни тўхтатилган ва жавобгарларга нисбатан огоҳлантириш берилган. Археология объектига етказилган зарар миқдори 4,3 миллиард сўм этиб белгиланган ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
«Кўрилган чора юзасидан қўшимча маълумот берилади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)