Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳридаги 1-сонли мактаб 1 сентябрда ўқувчи-ю ўқитувчилари билан террорчилар томонидан эгаллаб олинган эди.
Террорчилар 2004 йилнинг янги ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали маросимда мактабга бостириб келиб, 2,5 кун давомида 1100 нафардан ортиқ асирни миналаштирилган бинода ушлаб турган. Ҳужумнинг учинчи куни соат 13:05 да мактаб спортзалида портлаш содир бўлган ва ёнғин юзага келган, натижада бинонинг бир қисми қулаб тушган. Дастлабки портлашлардан сўнг асирлар мактабдан қочиб чиқа бошлаган ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимларининг махсус кучлари томонидан операция амалга оширилган. Юзага келган отишма оқибатида 27 нафар террорчи ўлдирилган. Фақатгина Нурпоша Кулаев исмли террорчи тирик ушланган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Асирларнинг аксарияти озод этилганига қарамай, теракт 314 кишининг умрига зомин бўлган. Қутқарувчилар билан ҳисоблаганда 333 киши ҳалок бўлган ва камида 783 киши турли даражада жароҳат олган.
Тактиканинг ўзгариши
2000 йилнинг февралида Иккинчи Чечен уруши расман тугаган. Бунга Россия федерал қўшинлари ўз тайёргарлигини яхшилаб олгани ва Ичкерия муфтийси Аҳмат Қодиров (Рамзан Қодировнинг отаси) армия томонига ўтгани сабаб бўлган. 1999 йилнинг ноябрида Грознийга келган федерал қўшинлар узоқ жанглардан кейин февраль ойида шаҳарни озод этган, бироқ жанговар ҳаракатлар шу билан якунланмаган: жангариларнинг бир қисми қочиб кетиб, партизанлик урушларини бошлаган. Уларга кўплаб зарар етказилган ва секин-аста жангариларнинг фаоллиги камайиб борган. Кўпчилик чечен можароси тугади деган яхши умидларга бора бошлаган.
Сепаратчилар раҳбарлари кўп ўтмай бутунлай яксон этилишларини англаб турган. Шу сабабли улар нафақат тактикани, балки бутун уруш услубини ўзгартиришга киришган. Жанговар ҳаракатларни Чеченистондан ташқарида амалга ошириш чоралари кўрила бошланган. Улар ўз кучларини қўшни давлатларга — Доғистон, Ингушетия ва Қабардин-Болқорга ташлаган. Террорчилик — янги стратегиянинг иккинчи элементига айланган.
Уларнинг фаоллиги 2004 йилда энг юқори нуқтага чиққан. Икки маротаба Москва метросида акция ўтказилган, 22 август куни жангарилар Ингушетияга ҳужум уюштирган, шундан кейин иккита йўловчи самолёти портлатилган. Бироқ бу уларга камлик қила бошлаган. Террорчиларга бутун мамлакатни шок ҳолатига соладиган теракт керак эди.
Беслан фожиаси
Жангарилар ҳужум объектини танлашда узоқ ўйланиб ўтирмаган. Террорчилар нуқтаи назарига кўра, мактаб энг мос келадиган объект эди. Болалар қаршилик кўрсата олмас, психологик эффект кутилганидан ҳам ортиқ бўлиши мумкин. Бесландаги мактаб — ингушлар билан чегара атрофидаги қуролли можаролар сабаб энг яхши вариант ҳисобланган. Ҳужумни уюштирганлар таркибидан асосан ингушлар ўрин олган, объект сифатида эса осетин мактаби танланган. Омон қолган ягона террорчидан бу ишни нега амалга оширишганини сўрашганида, у «Кавказда катта урушни юзага келтириш учун», дея жавоб қайтарган.
Тажрибали 32 жангарига бир неча бор милиция эътиборига тушган, қотиллик учун қидирувда бўлган Руслан Хучбаров бошчилик қилган. 1 сентябрь тонгида ичида террорчилар бўлган «ГАЗ-66» юк машинаси Беслан шаҳридаги 1-сонли мактабга етиб келган. Ўшанда ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантана автоматлар овозига уланиб кетган. Жангарилар ниятлари нақадар жиддий эканини кўрсатиб қўйиш мақсадида ота-оналардан бирини дарҳол отиб ташлаган. Майдонда бўлган барча — ўқитувчи-ўқувчилар, ота-оналар спортзалига киритилган. Кичкина залда 1128 киши тўпланган ва у ерга битта катта қўлбола мина ўрнатилган.
Маҳаллий милициянинг мактабни озод этиш борасидаги уриниши муваффақиятсиз якунланган, отишмада бир нафар жангари ҳалок бўлган.
Террорчилар ўз талабларини илгари сурган. Улардан бири — алоқа ва электр таъминотини ўчирмаслик, иккинчиси — Басаевнинг Ичкериянинг тан олиниши бўйича сиёсий талаби эди, акс ҳолда улар ўт очиш билан қўрқитишган. Мактаб қалъага айлантирилган, тирик қалқон сифатида фойдаланилган асир эркаклар отиб ташланиб, ойнадан улоқтирилган.
Кутилмаган штурм
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилар бандитлар билан келишувга эришиб, ойнадан улоқтирилган жасадларни олиб кетишга рухсат олган. Қутқарувчилар мурдаларни юклаётганида бино ичида иккита портлаш содир бўлган. Қўлбола портловчи қурилмаларнинг камчилиги бор — улар ишончсиз бўлиб, исталган вақтда портлаб кетиши мумкин. Айнан шу портлаш юзлаб одамнинг ўлимига ва жароҳатига сабаб бўлган. Юра оладиган барча бинодан қочиб чиқа бошлаган, жангарилар уларга тартибсиз ўт оча бошлаган.
Бир вақтнинг ўзида махсус кучлар террорчиларга қарата ҳужумни бошлаган — бу эса тартибсизликни янада кучайтириб юборган. Қирғин юзага келтирган оқибатлар аянчли: Бесланда 333 киши (уларнинг 186 нафари болалар), 10 нафар офицер, қутқарув ва ИИВдан тўққиз нафар ходим ҳалок бўлган. Қонли қирғин жангариларга ўзлари истаган муваффақиятни олиб келмаган. Уруш кутилганидек қўшимча қувватлов ололмади. Беслан мактабидаги вайроналар ҳамон инсоният қонхўрлигининг ёдгорлиги бўлиб қолмоқда. Беслан Басаев ва Масхадовга ҳеч қандай сиёсий дивиденд олиб келмаган, балки уларнинг ҳаракати тезроқ тугатилишига хизмат қилган.
Минглаб японлар умрига зомин бўлган буюк зилзила
Буюк Канто зилзиласи —1923 йилнинг 1 сентябрида Японияда содир бўлган кучли ер ости силкиниши. Ушбу ном магнитудаси 8,2 балл етган зилзила энг кўп зарар етказган жойга атаб қўйилган. Ғарбда мазкур ер ости силкиниши баъзида Токио ёки Йокогама билан ҳам бирга тилга олинади, чунки у ушбу икки шаҳарни ҳам деярли яксон қилиб юборган. Зилзила бир неча юз минг кишининг ўлимига сабабчи бўлган ва жуда катта моддий зарар етказган. Зилзила оқибатида юзага келган вайроналар ва қурбонлар сони бўйича у Япония тарихидаги энг йирик ер ости силкиниши ҳисобланади.Зилзила 1923 йилнинг 1 сентябрида тушдан кейин бошлаган. Эпимаркази Токиодан 90 километр жануби-ғарбда жойлашган Осима оролида. Икки сутка ичида жами 356 та ер ости силкиниши рўй берган бўлиб, уларнинг дастлабкилари жуда кучли бўлган. Сагами кўрфазида денгиз тубининг ўзгариши сабаб 12 метрли цунами тўлқини юзага келиб, қирғоқ бўйидаги аҳоли пунктларини буткул яксон қилган.
Эпимарказдан 65 километр узоқликда жойлашган Йокогама шаҳридаги биноларнинг бешдан бир қисмида бир зумда вайрон бўлган. Ҳамма жойда ёнғинлар юзага кела бошлаган, кучли шамол эса уларнинг тез тарқалишига хизмат қилган. Портда сувга тўкилган бензиннинг олови 60 метр баландликка кўтарилган. Ёнғинга қарши курашиш воситаларининг аксарият қисми зилзила оқибатида яроқсиз ҳолга келиб қолган.
Токио— Йокогама темир йўли бўйлаб ҳаракатланаётган поезд рельсдан чиқиб кетган.
Эпимарказдан 90 километр узоқликда бўлган Токиода эса Йокогамага нисбатан камроқ бинолар вайрон бўлган, аммо юзага келган ёнғин ва кучли шамолнинг зарари ундан оз эмас эди. Аҳоли зилзила ва ёнғиндан очиқ жойларга — боғ ва майдонларга қоча бошлаган, бироқ бу ҳам ёрдам бермаган. Токиодаги майдонларнинг бирида 40 мингга яқин одам ҳалок бўлган, улар майдон атрофидаги ёнаётган уйлардан ҳосил бўлган тутунга бўғилиб ўлган.
Зилзила 56 минг километр квадратга яқин ҳудудни эгаллаган. Ер ости силкинишларининг асосий тўлқини Канто провинциясининг жануби-шарқий қисмига тўғри келган. Унинг натижасида Токио, Йокогама, Ёкосука ва яна 8 та шаҳар вайронага айланган. Ёнғин Токиодаги 300 мингдан ортиқ бинонинг кулини кўкка совурган, Йокогамада 11 минг бино зилзиладан қулаб тушган ва 59 мингтаси ёниб кетган. Шунингдек, яна 11 шаҳарга ҳам зарар етган.
675 та кўприкнинг 360 таси олов оқибатида йўқ қилинган. Токио тошдан қурилган барча биноларидан ажралган. Епископ Николай томонидан 1891 йилда қурилган православларнинг собори ҳам вайрон бўлган. Фақатгина Фрэнк Ллойд Райт томонидан қурилган «Империал» меҳмонхонаси омон қолган — бу Японияда қурилган биринчи сейсмик бардошли тош бино эди.
Табиий офат оқибатида ҳалок бўлганларнинг расмий сони — 174 минг, яна 542 минг бедарак йўқолган, миллиондан ортиқ инсон бошпанасиз қолган. Жабрланганларнинг умумий сони 4 миллионга яқин.
Канто зилзиласи оқибатида етказилган моддий зарар 4,5 миллиард долларга баҳоланган — бу ўша вақтда мамлакат бюджетидан икки баробар, Рус—Япон урушига сарфланган харажатдан эса беш баробарга кўп эди.
Шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланган Роберт Жеймс (Бобби) Фишер
Бобби Фишер — америкалик гроссмейстер ва шахмат бўйича жаҳон чемпиони. Сahovski informatory журнали версияси бўйича ХХ асрнинг энг кучли шахматчиларидан бири.Фишер ёшлигидан шахматдаги маҳорати билан танилган: 13 ёшида ёшлар ўртасида АҚШ чемпиони, 14 ёшида катталар ўртасида АҚШ чемпиони, 15 ёшида эса ўз даврининг энг ёш гроссмейстери ва жаҳон биринчилиги учун энг ёш номзодга айланган. 20 ёшида — 1963/64 йилги АҚШ чемпионатида 11 та партиянинг 11 тасида ғалаба қозониб, турнир тарихидаги энг яхши натижани кўрсатган.
Фишер 1972 йилда Рейкявикдаги (Исландия) ўтказилган чемпионатда СССР вакили Борис Спасский устидан ғалаба қозониб, жаҳон чемпионига айланган ва шундан сўнг расмий шахмат беллашувларида иштирок этишни тўхтатган. 1975 йилда Фишер жаҳон биринчилиги учун ўтказиладиган чемпионатга ўз шартларини илгари сурган бўлиб, FIDE томонидан номақбул деб топилган. У билан келишишга бўлган уринишлар фойда бермаган ва FIDE Фишерни жаҳон чемпиони номидан маҳрум этган, янги жаҳон чемпионига эса Собиқ Иттифоқ гроссмейстери Анатолий Карпов айланган.
Можаролар домидаги шахматчи
Фишер нафақат машҳур шахматчи, балки кўплаб можаролар марказига тушиб қоладиган инсон сифатида ҳам танилган. У доим ўзини чемпионатнинг бошқа иштирокчиларидан устун тутиб келган, қўшимча имтиёзлар талаб қилган, регламентни бузган, жумладан, буни тез-тез ва намойишкорона амалга оширган. Маиший қулайлик ва мусобақани ўтказиш тартиблари борасидаги талаблари ташкилотчиларга кўплаб муаммоларни юзага келтирган.
Масалан, Фишер унинг иштирокидаги партиялар кечаси, соат 16:00 дан эрта бошланмаслигини талаб қилган, чунки у жуда кеч уйғонган, меҳмонхоналарнинг эса фақат «люкс» рақамларида яшашга рози бўлган.
Шахматчига боғлиқ бўлган мисоллардан бири — 1967 йили Туниснинг Сус шаҳрида ўтказилган мавсумлараро турнирдир. Ўшандан Фишер диний қарашлари сабаб жума куни умуман шахмат ўйнамаслигини, шанба куни эса соат 19:00 дан эрта ўйнашини маълум қилган. Ташкилотчилар турнир жадвалида буни инобатга олган, бироқ шундан кейин Фишер шанба куни барча иштирокчилар ўз партиясини у билан бир вақтда бошлашини талаб қилган. Мазкур талаб рад этилгач, Фишер бош судья Дяконескуга «Сиз коммунистсиз!», дея жаҳл қилган.
Жаҳон чемпионлиги учун Борис Спасский билан мусобақа 1972 йилда Рейкявикда ўтказилган. Уни ташкиллаштириш қийин музокаралар орқали амалга оширилган. Беллашувнинг мукофот фонди шахмат тарихида биринчи марта 250 минг долларни ташкил этган (2018 йил ҳолатига кўра, бу 1,5 миллион доллар демак). Матчни бир неча бор бекор қилишга уринишлар бўлган: Фишер очилиш маросимига, кейин иштирокчиларнинг қуръасига келмаган, иккинчи партияни ўтказиб юбориб, янги талабларини илгари сурган. Шунга қарамай, мусобақа Фишернинг ғалабаси билан якунланган.
Мазкур ғалабадан кейин Фишер АҚШда миллий қаҳрамон сифатида кутиб олинган. АҚШга қайтиши билан уни президент Никсон Оқ уйга таклиф қилган, бироқ у буни қуйидагича баҳона билан рад этган: «Овқат чайнаётганимда оғзимга қарашларига чидай олмайман».
Ғарб матбуоти Фишерни кўкларга кўтара бошлаган, кўплаб машҳур инсонлар — қўшиқчилар, актёрлар — у билан дўстлашиш ва ундан шахмат ўйнашни ўрганишни хоҳлашарди. Фишернинг ғалабаси Ғарбда ушбу ўйиннинг оммалашишига хизмат қилган.
Фишернинг ўзи содир бўлаётган воқеаларга хотиржам қараган, одатдаги ҳаёт тарзини давом эттирган. Интервью беришни истамаган, фақат тор доирадаги дўстлари билан мулоқот қилишни маъқул кўрган, кўп миллионлик реклама шартномаларидан воз кечган (миш-мишларга кўра, Фишерга Volkswagen автомобилини реклама қилишни таклиф қилишган, бироқ у товар билан шахсан танишиб чиққан ва унинг кўплаб камчиликларига гувоҳ бўлганда «ўз жонига қасд қиладиганлар учун автомобиль реклама қилмайман» деган). У ўзи иштирок этадиган жамоатчилик тадбирларига нарх белгилаган: хат ўқиб бериши учун 1000 доллар, телефонда мулоқотга — 2500, шахсий учрашувга — 5000, интервью учун — 25 минг доллар.
Спасский билан матчдан олдин Фишер журналистларга шахмат тожини қўлга киритгач, бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиши ва катта гонорарлар эвазига ўйнашини, шахмат дунёдаги энг қиммат ўйинга айланишини айтган. Бироқ ушбу баҳснинг сўнгги партияси Фишернинг расман охирги ўйинига айланган.
1996 йилдан бошлаб Фишер ОАВда тез-тез чиқишлар қилиб, АҚШ ҳукумати ва яҳудийларни кескин қоралашга тушган. 1999 йилда Венгриядаги радиоэфир у яҳудийларни сўккани учун тўхтатилган. Шунингдек, у Филиппин радиостанциясига интервьюда «Ал-Қоида»нинг ҳаракатлари ва 11-сентябр воқеаларини оқлашини маълум қилган.
2003 йилнинг декабрида АҚШ Давлат департаменти Фишернинг паспортини расман бекор қилган. Шахматчининг ўзи бундан 2004 йилнинг 13 июлида — Япониядан Филиппинга учаётгани билиб қолган — ўшанда уни мамлакат ҳудудига ноқонуний киргани учун иммигрантлар қамоқхонасига жойлаштиришган. АҚШ шу заҳоти Фишерни жиноятчи сифатида топширишларини сўраган. Қамоқдалигида Фишер Америка фуқаролигидан воз кечиши ҳақида хат ёзиб, сиёсий бошпана сўраган.
Фишер қамоқхонада 8 ой қолиб кетган, бу вақт давомида Миёко Ватаи (япониялик шахматчи, аёллар ўртасидаги халқаро тоифадаги уста) унга оила қуриш таклифини берган. Сербия ва Черногория, Германия ва Исландия эса Фишерга фуқаролик беришга тайёрлигини маълум қилган, 2005 йилнинг 24 мартида у Исландияга депортация қилинган. Япониядан учиб кетиш вақтида Фишер журналистларга ўзининг ҳибсга олинишини одам ўғирлаш деб атаб, Жорж Буш ва Япония бош вазири Коидзумини айблаган.
2007 йилда Фишер буйрак етишмовчилиги билан шифохонага ётқизилган. Унга операцияни таклиф қилишган, аммо у буни рад этган. Бунинг оқибатида Фишер 2008 йилнинг 17 январида вафот этган ва у Рейкявикдан 50 километр наридаги Селфосс шаҳарчасидаги қабристонга дафн этилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)