Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАGATE) бош директори Рафаэл Гросси агентлик делегацияси шу ҳафта Запорожье АЭСга боришини маълум қилганди. «РИА Новости»нинг ёзишича, МАGATE инспекторлари Энергодар шаҳридаги Запорожье АЭСга етиб борди.
Хабарга кўра, Тошкент вақти билан тахминан 16:15 да станцияга тўққизта машинадан иборат кортеж кириб келган. Энергодарга етиб келишидан бир соат олдин снарядлар ва портлашлар овози эшитилган.
Ташриф давомида МАGATE инспекторлари станциядаги вайронагарчиликни баҳолаш, хавфсизлик тизимларининг ишлашини аниқлаш, шунингдек, ходимларнинг иш шароитларини баҳолашни режалаштирмоқда.
Таъкидланишича, МАGATE миссияси мутахассисларини ҳудудда қолдиради. «Ташкилот вакиллари Энергодар аҳолиси билан суҳбатлашишни ҳам режалаштирмоқда», — деди бош котиб Гросси.
Запорожье АЭС — Европадаги энг йирик атом электр станцияси. Россия қўшинлари уни урушнинг энг бошидаёқ эгаллаб олганди. Украина ва Россия бир-бирини станцияни ўққа тутишда айблаб келмоқда.
МАGATE август бошида Запорожье АЭС ҳудудида хавфсизлик протоколлари ёппасига бузилаётганини маълум қилганди. Урушни тадқиқ қилиш институти Россия қўшинлари ҳарбий техникани Украина ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун, уни станция ҳудудида сақлаётгани ҳақида ёзганди (станцияда ушбу баёнотни исботловчи видеони тасвирга олишган).
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)