Бугунги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинати йиллар давомида тўпланган техноген чиқиндиларни қайта ишлашга катта эътибор қаратмоқда. Чиқиндиларни қайта ишлашга жалб этиш самарали экани ўз исботини топди.
Самарқанд вилоятида жойлашган «Ингичка» кони жорий йилда «Олмалиқ КМК» АЖ тасарруфига ўтказилган. «Ингичка» волфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш ва волфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, куни кеча «Ингичка» конидан илк волфрам маҳсулоти олинишига эришилди.
Маълумот учун, волфрам нодир металлар сирасига киради ва қаттиқ қотишмалар учун асос ҳисобланади. Вольфрамдан пўлатларни легирлашда, ейилишга чидамли ва иссиқбардош қаттиқ қотишмалар олишда фойдаланилади. Шунингдек, авиация, космонавтика ва электротехникада кенг қўлланилади. Зичлиги юқори бўлгани учун ундан зирҳлар ҳам тайёрланади. Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1 килограмм волфрамнинг нархи 40 доллар.
«Ингичка» конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш эвазига йилига 100 тонна волфрам олинади. Эътиборлиси, бу лойиҳа 150 та янги иш ўринлари яратиш имконини берди.
ОКМК Ахборот хизмати
Изоҳ (0)