Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғи амфитеатрида Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Тадбирга сенатор ва депутатлар, вилоят фаоллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари таклиф этилди.
Байрам тадбири Ўзбекистон мадҳияси ижроси билан бошланди. Шундан сўнг Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов сўз олди.
Ҳокимнинг таъкидлашича, байрам арафасида вилоятда 103 та инвестиция лойиҳасига старт берилди ва 61 та ижтимоий соҳа объекти фаолиятини бошлади. Яқин орада Учқўрғон ва Норин туманларини марказ билан боғловчи 17,5 километр узунликдаги замонавий йўл ҳамда Норин дарёси устида янги кўприк қурилади.
Шундан сўнг намойиш этилган адабий композицияда улуғ аждодлар, қатағон қурбонлари, хусусан, бу йил таваллудининг 110 йиллигини нишонланаётган наманганлик буюк шоир Усмон Носир сиймосига алоҳида эътибор берилди.
Байрам дастурида миллатлараро дўстлик, маҳаллалардаги ўзгаришлар асосий мавзуга айланди. Турли тиллардаги тароналар янгради, қардош халқларнинг рақслари ижро этилди.
Кечанинг бадиий қисмида наманганлик санъаткорлар Жалолиддин Усмонов, Шавкат Хамдамов, Комрон Мамадалиев, эстрада юлдузлари Зиёда ва Жаноб Расулнинг қўшиқлари барчани даврага чорлади.
Тантанали маросим байрам мушакбозлиги билан якунланди.
Изоҳ (0)