Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси (қароргоҳи Вашингтон шаҳрида) Жавлон Ваҳобов Бразилиа шаҳрига ташрифи давомида пойтахт шаҳар Халқаро алоқалар офиси директори ўринбосари Эмилиано Диогенес Абреу билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, учрашув давомида Ўзбекистон олиб борилаётган ислоҳотлар, шаҳарсозлик борасида эришилаётган ютуқлар ва устувор вазифалар, муҳандислик, меъморчилик, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш масалалари, халқаро ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берилган.
Учрашув давомида Бразилия вакили Ўзбекистон пойтахти билан икки томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, шаҳар бошқаруви, энергетика, транспорт ва шаҳарсозлик каби соҳалар алоҳида қизиқиш касб этишини таъкидлаб ўтган. Бундан ташқари, жамоат хавфсизлиги, сув ресурслари, қаттиқ чиқиндилар, қайта тикланадиган энергия, маданий мерос ва спорт каби йўналишларда ҳам истиқболли муносабатлар ўрнатилишига истак борлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон шаҳарлари билан биродарлик алоқаларини ўрнатиш ва илғор тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳар томонлама манфаатли бўлиши қайд этилган.
Мулоқот якунида томонлар экспертлар даражасида яқин ҳамкорлик ва музокараларни давом эттиришга келишиб олган.
Изоҳ (0)